Ўзбекистон | 18:50 / 18.07.2019
33902
2 дақиқада ўқилади

Президент Сирдарё вилоятига борди ва Ховосдаги бунёдкорлик ишлари билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 июль куни Сирдарё вилояти Ховос туманига ташриф буюрди.

«Бу давлат раҳбарининг жорий йилда туманга иккинчи бор келиши. 19 февраль кунги ташрифи чоғида Ховос шаҳарчасининг янги марказини бунёд этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди. Шунга мувофиқ, бу ерда 30 та беш қаватли уй қурилмоқда. Уларда икки ва уч хонали 760 та квартира бўлиб, шундан 600таси арзон уйлардир. 

Янги шаҳарчада маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари бинолари, таълим ва маданият масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилмоқда.

Ховосликлар яқин-яқингача зах ерларда, эски уйларда яшаб келарди. Замонавий инфратузилмага эга янги турар жойлар аҳолининг ижтимоий шароитларини яхшилаб, ҳаёт сифатини оширади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент қурилишда ишлатилаётган материалларнинг нархи ва сифати билан қизиқди. Маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, уларнинг нархини янада тушириш чораларини кўриш кераклигини таъкидлади. Урбанизация нуқтаи назаридан туман келажагини бугундан ўйлаш, зарур жойларга коммуникация тармоқлари тортиш, аҳолини иш билан таъминлаш ва бўшаган ерлардан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.

Шу ерда Сирдарё вилоятида ичимлик суви тармоқларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Кейинги йилларда 1 минг 164 километр сув қувурлари, 57 та сув тарқатиш станцияси ва бошқа иншоотлар қурилгани қайд этилди. Шу ва галдаги ишлар натижасида 2020 йил бошида вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиши 88 фоиздан ошади.

Давлат раҳбари туман марказидаги аҳолининг турмуш шароитларини кўздан кечирди.

Мавзуга оид