Ўзбекистон миллий жамоаси 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати 2-саралаш босқичидаги рақибларини билиб олди. Купер жамоаси Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ва Сингапур билан бирга «D» гуруҳидан ўрин олди. Сўнгги йилларда ФИФА рейтингида пастлаб кетган Ўзбекистон  қуръа олдидан ўзининг аҳволини оғирлаштиргани бор гап, чунки 1-саватга тушмаган ҳар қандай жамоа қийналиши аниқ.

Ўзбекистон қитъанинг энг кучли 8 жамоаси қаторига кирмади ва 2-саралаш босқичидаёқ Саудия Арабистони каби кучли жамоага дуч келди. Мантиқан олиб қаралганда, аслида биз 1-саватчада бўлиб, бошқалар Ўзбекистонга тушишдан хавотирланиши керак эди, аммо футболимизда инқироз кузатилаётгани, бу эса миллий жамоа рейтингига бевосита таъсир қилганини тан олиш керак. Мухлислар қулай гуруҳга тушганимиздан хурсанд бўлишмоқда. Хўш, Ўзбекистон чиндан ҳам «ҳаёт гуруҳи»дами?

Аввало тақвим ҳақида икки оғиз. Демак, ЖЧ-2022 Осиё саралашининг 2-босқичида 40та жамоа 8та гуруҳга бўлинган ҳолда қатнашади. Гуруҳ ғолиблари тўғридан-тўғри 3-саралаш босқичига йўл олишади. 2-ўриндаги 8та терма жамоанинг кўрсаткичи энг яхши бўлган тўрттаси ҳал қилувчи саралашга йўл олади. 12 жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда 3-саралаш босқичини бошлайди. 6 жамоадан иборат бўлган иккита гуруҳда дастлабки икки ўринни қўлга киритган 4 жамоа тўғридан-тўғри ЖЧ йўлланмасини қўлга киритади. Гуруҳлардаги 3-ўрин соҳиблари эса ўзаро иккита ўйин ўтказишади. Ғолиб жамоа халқаро плей-офф орқали Қатар Мундиалига йўлланма олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Кўриб турганингиздек фақат гуруҳ ғолибларигина ўзларини эркин ҳис қилишлари мумкин, акс ҳолда аҳвол жиддийлашиб кетади. Гуруҳ ғолиби бўлиш учун асосий даъвогар эса шубҳасиз, Саудия. Саудия Осиё Кубогида муваффақиятсиз қатнашган бўлишига қарамай, айни дамда Ўзбекистондан кучлироқ. Бу терма жамоа мунтазам равишда жаҳон чемпионатларида қатнашиб келади, жумладан 2018 йилги Россиядаги мундиалда ҳам. Бу икки жамоанинг охирги ўзаро ўйинидан сўнг саудияликлар фақат олдинга силжишди, ўзбек футболи эса орқага кетди, буни мард бўлиб тан олиш керак.

Аввалига миллий жамоа тажриба майдонига айланиб қолди, кейин Купернинг мослашишини кутдик, бу орада мамлакат футболидаги ўта самарасиз ўзгаришлар бош жамоа рейтингига ҳам салбий таъсир қилди. Бугунги кунда эса миллий жамоанинг ҳолатини анча яхши дейиш мумкин, чунки Купер ниҳоят футболимиз билан танишди, миллий жамоа яхши ўйин кўрсата бошлади. Футбол раҳбарияти ҳам ўзгарди, эндиликда футболни кимсан Равшан Эрматовнинг шахсан ўзи бошқаради ва кимсан ДХХ раисининг шахсан ўзи барчасини назорат қилади.

Демак, гуруҳлар ҳақида гаплашсак. Гуруҳ фаворити албатта 1-саватчадан тушган жамоалар бўлиши аниқ эди. Чунки улар ФИФА рейтингида осиёликлар орасида етакчилик қилаётган жамоалар. Биз гуруҳ фаворити деб эътироф этаётган Саудияда охирги йилларда жуда кўп мураббий ўзгарди. Қизиғи, Саудиядан кетган мураббийларнинг кетиши учун айтарли сабаб ҳам йўқ. Масалан, Берт ван Марвейк Саудия Арабистонини 2018 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиққанига қарамай, истеъфога чиқарилганди.