Айни пайтда фирибгарликни ўзига касб қилиб олган айрим юртдошларимиз “Ички ишлар ходими” деган шарафли номни булғаётган ҳолатлар ҳам оз бўлса-да, бўй кўрсатиб қоляпти, деб ёзади жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси Феруза Сиддиқова Adolat газетасида.
31 ёшли Ж.А. нафақат ўзи истиқомат қилган “Қашқар” маҳалласида, балки Марғилон шаҳрида ҳам аллақачон отнинг қашқасидек танилиб улгурган. Негаки, дастлаб 24 ёшида, яъни 2012 йилда фирибгарлиги учун судланган бу йигит ўтган 7 йил мобайнида 8 маротаба айнан ана шу жинояти туфайли суднинг қора курсисига ўтиришнинг “уддасидан чиқди”. Лекин Ж.нинг сўқир кўзи шунда ҳам очилмади.
Оқибатда у тўққизинчи бор фирибгарликка қўл урди.
Гап шундаки, қонунга биноан хавфли рецидивист деб топилган Ж. 2018 йил апрель ойида миллий ширинликлар ва турли пишириқлар билан савдо қилувчи таниши Н.М.нинг уй сотиб олиш ниятида юрганидан хабар топиб қолди. Хабар топди-ю, дарҳол аёлни аврашга киришди. Аниқроғи, у шаҳарнинг Қўқон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бири ўзига тегишли эканини айтиб, Н.М.ни алдади. Н.ни ишонтириш учун телефонида бир хоналик уйнинг расмини кўрсатди. Соддадил аёл унинг гапига лаққа тушиб, уй сотиб олиш учун йиғиб қўйган 5 000 АҚШ доллари (42 206 800 сўм) миқдоридаги пулини унга санаб берди. Аммо Ж.А. бу пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборди-ю, харидор аёлга ҳеч қандай уйни расмийлаштириб бермади.
Шундан кейин Ж. талончиликка қўл урди. Яъни Асака шаҳрида юрган пайтида киракаш машиналардан бирига қўл кўтариб тўхтатди. Сўнг ҳайдовчи Ғ.Қ.га ўзини ИИБ ходими С. деб таништириб, Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов ҳибсхонасига олиб бориб келишини илтимос қилди. Белгиланган манзилга етишганда эса Ғ.нинг ёлғиз эканлигидан фойдаланиб, унга пичоқ ўқталди. Кейин зўрлик ишлатиб ҳамда уни қўрқитиб, автомашина юкхонасидаги 800 000 сўм пул ва автомашина техник паспорти, шунингдек, Ғ.Қ.нинг акаси Ф.Қ.нинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва огоҳлантириш талонларини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, воқеа жойидан қочиб кетди.
Бундан ташқари, Ж.А. 2018 йил 18 декабрь куни Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро З.М.ни ҳам “ўзига хос” усулда чув туширди. Яъни ўша куни соат 14:30 ларда Ж. Намангандаги “Сардоба” бозори яқинида Зокир билан учрашди.
— Исмим А., “горотдел”да ишлайман. Илтимос, Марғилонга олиб бориб қўйсангиз. Хизмат ҳақингизни бераман, — деди мулойим муомала қилиб.












