«Илм-фан жуда қиммат соҳа ва катта инвестиция талаб қилади. Рақобатбардош илмий натижа олмоқчи бўлсак, аввал дунёдаги илғор лабораториялардаги шароитни яратишимиз зарур... Аксарият тадқиқотларимиз ривожланган давлатларга бой бериб бўлинган соҳаларга қаратилган. Таълим ўз моҳиятини шаклга бой бериб бўлди... Бизнинг саноат технологик жиҳатдан анча қолоқ. Инновациялар ишлаши учун иложи борича иқтисодни эркинлаштириш, унга таъсир этувчи салбий ричагларни юмшатиш талаб этилади».

Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан ва таълим, инновацион тадқиқотлар, нанотехнология ва уларнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистонда илмий фаолият билан шуғулланаётган тадқиқотчилар билан суҳбатлар ташкил этишни бошламоқда. Шу мақсадда ЎзФА Ион-плазма ва лазер технологиялари институти таянч докторанти Рустам Ашуров билан суҳбат уюштирди. Унда илм-фан, саноат ва иқтисодиётга алоқадор бир-бирига боғланган тизимли муаммолар, мулоҳазалар, таклифлар, шунингдек, ион-плазма ва лазер технологиялари соҳасида амалга оширилаётган тадқиқотлар хусусида сўз боради.

- Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, илмий фаолияти ҳақида маълумот берсангиз?

- Ион-плазма ва лазер технологиялари институти Ўзбекистонда физикавий электроника, иссиқлик физикаси, оптика ва лазерлар физикаси, шунингдек, плазма технологиялари бўйича етакчи илмий муассаса ҳисобланади. Ҳозирда институтда 8 та илмий лаборатория фаолият юритмоқда.

- Бизда лаборатория деганда тўрт девор хона, пробиркалар, химикатлар тушунилади. Умуман, лаборатория ҳақидаги фикр-тасаввурларимизни тиниқлаштириб олсак.

- Лаборатория илмий ғояларни шакллантирувчи, уларни тўғри ёки нотўғри эканлигини тажрибалар ёки назарий тадқиқотлар орқали тасдиқлаш учун зарур шарт-шароит ва қурилмалар жамланмасидир. Тадқиқотчида қанақадир ғоя уйғонади ва у тажрибалар орқали ўз ғоясининг тақдирини ҳал қилади. Илмий ғоянинг тақдири эса, тадқиқотчининг салоҳиятидан ташқари, бевосита лабораториянинг имкониятларига ҳам боғлиқ. Аслида, лаборатория ташкил қилиш кўпчилик ўйлагандек осон иш эмас. Айниқса, экспериментал тадқиқотлар талаб қиладиган табиий ва аниқ фанларда.

Лаборатория фақат химикат ва пробиркалардан иборат, дейиш бироз янглиш тушунча. Лаборатория мукаммал бўлиши учун, энг аввало,