Аҳоли жон бошига қанча инвестиция маблағи тўғри келиши айтилди
2019 йилнинг биринчи ярмидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига 105 АҚШ доллар инвестиция маблағи тўғри келмоқда. Бу ҳақида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Сенатга берган ҳисоботида маълум қилинди.
Ташқи савдо ва инвестициялар вазири ўринбосари Алишер Абдуалиев тақдим этган маълумотга асосан, 2019 йил давомида 604та лойиҳани амалга ошириш орқали 9,1 млрд АҚШ доллари ҳажмида инвестиция маблағларини киритиш режалаштирилган. Жорий йилнинг биринчи ярми давомида 3,5 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағини ўзлаштиришга эришилди. Жумладан, ижтимоий соҳа, туризм, фармацевтика соҳаларига 63,2 млн АҚШ доллари, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасига 203,5 млн АҚШ доллар миқдорида инвестиция маблағлари жалб қилинган.
“Биринчи ярим йиллик якунига кўра, аҳоли жон бошига 105 АҚШ доллари инвестиция маблағи тўғри келмоқда. Бу кўрсаткични йил якунига қадар 188 АҚШ долларига етказиш мақсад қилинган”, ─ дейди Алишер Абдуалиев.
Вазирлик ахборотига кўра, 2019 йилнинг январь ─ июнь ойларида республика бўйича 1779та янги корхона ишга туширилиб, уларни жалб қилган ҳолда 605 млн АҚШ доллари қийматидаги экспорт маҳсулотлари чиқарилган.
Алишер Абдуалиевнинг қайд этишича, соҳада жиддий ижобий ўзгаришларни амалга оширишга банк ва молия тизимидаги муаммолар тўсқинлик қилмоқда. “Бизнесни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда банкнинг ўрни муҳим. Хусусий капиталнинг ўз ўрнини топишга ёрдам бериш керак. Лекин бу борада банкларнинг роли талабга жавоб бермаяпти. Прокуратура, божхона тизими ўз жойига қўйилди. Лекин банкларнинг савдо айланмасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантиришда ёрдами сезилмаяпти. Буни тадбиркорлар ҳам таъкидлаяпти. Вазирлик томонидан банкларнинг ҳудудлардаги фаолияти бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, ─ дейди у.
Маълумот учун, Жаҳон банки статистикасига кўра, 2018 йилда Ўзбекистонга 95,77 млн, Тожикистонга 107,27 млн, Афғонистонга 53,39 млн, Қозоғистонга 4,654,21 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри инвестиция маблағлари киритилган.
Мавзуга оид
10:15 / 23.11.2024
Тошкентда уй-жойга инвестициялар даромадлилиги тушиб бормоқда
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
20:29 / 22.11.2024
Хоразмга 2025 йилда 1,5 миллиард доллар инвестиция жалб этиш режалаштирилди
15:48 / 20.11.2024