Ўзбекистон | 08:17 / 25.07.2019
13092
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқ инспекторлари сони икки баробарга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида АҚШ Савдо вакили офиси делегатлари билан икки томонлама ҳамкорлик масалалари бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича АҚШ Савдо вакилининг ёрдамчиси Кристофер Уилсон, унинг ўринбосари Зеба Реязуддин, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Алан Мельцер, АҚШ Савдо вакилининг меҳнат масалалари бўйича директори Майкл О’Донован, АҚШ Меҳнат вазирлигининг халқаро алоқалар бўйича мутахассиси Эмма Лори ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қудбиев бошчилигидаги вазирлик масъуллари иштирок этди.

Учрашув давомида томонлар мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича Ўзбекистонда сўнгги йиллар амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борада эришилган натижалар ва режалаштирилаётган ишлар ҳақида фикр алмашди.

Хусусан, мажбурий меҳнатга қарши курашиш чора-тадбирларини янада кучайтириш мақсадида меҳнат ҳуқуқ инспекторлари сонини икки баробарга ошириш, ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари ва уларга қарши кўриладиган чора-тадбирлар ишининг шаффофлигини таъминлаш учун тегишли халқаро ташкилотларга вазирликнинг мурожаатлар базасига тўғридан-тўғри кириш имкониятини бериш, вазирликнинг фуқаролик жамияти билан очиқлик тамойили асосида иш олиб бориши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

АҚШ делегацияси болалар меҳнатига барҳам бериш масаласида Ўзбекистоннинг сезиларли саъй-ҳаракатлари эътироф этилганига урғу бериб, мамлакатда сўнгги икки йил ичида амалга оширилаётган ислоҳотлар мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик борасида Ўзбекистонда жиддий юксалишлар кетаётганидан дарак беришини қайд этди, дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид