Бир неча кунлардан кейин Ўзбекистондаги Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланади. Хўш, бу йилги тест имтиҳонлари шаффофлиги қай даражада, қандай ишлар амалга оширилди, шунингдек, абитуриентлар учун қулайлик ва янги имкониятлар нималарда акс этади?
Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримов шу ва бошқа саволларга батафсил жавоб қайтарди.
- Жорий йилги имтиҳонлар аввалгиларига қараганда нимаси билан фарқланади? Абитуриентлар учун янгиликлар нималардан иборат?
- Энг катта янгилик 2019-2020 йилги ўқув йили учун Олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топшириш жараёнида кузатилди. Чунки абитуриентлар бу йил ҳужжат топширишмади, шунчаки рўйхатдан ўтишди.
Албатта, бу жараёнда айрим камчиликлар кўзга ташланди. Бироқ, таъкидлаш лозимки, ушбу янгилик ортидан бу йил бир миллиондан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтди. Бундан ташқари, уларга Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан, ўзлари хоҳлаган олийгоҳга ҳужжат топшириш имконияти тақдим этилди.
Иккинчи янгилик, абитуриентлар имтиҳонларни июль-август ойларида топшириши белгиланган эди. Шу сабабли, бу йилги тест имтиҳонлари 29 июлдан бошланади. Эслатиб ўтиш жоизки, 20 июлдан бошлаб эса рухсатномаларни тарқатиш жараёни давом этмоқда. Бу жараённинг Давлат тест маркази расмий сайти орқали ҳам амалга оширилаётгани абитуриентларга яна бир қулайлик бўлди, жумладан, ҳозирга қадар тўрт юз мингдан зиёд абитуриент ўз рухсатномаларини электрон тарзда олишди.
Ушбу рухсатномалар абитуриентга учта таълим муассасасига ҳужжат топшириш имконини беради. Бу дегани, юқори балл тўплаган абитуриент, албатта, ўзи ҳужжат топширган учта олийгоҳдан қайсидир бирига киради.

Бевосита тест жараёнларига келадиган бўлсак, жорий йил ҳам имтиҳон жараёнларини шаффоф тарзда ташкил қилишга бўлган ҳаракатлар янада кучайтирилади.
Абитуриентлар сонининг ўсиши инобатга олиниб, ўтган йилгига нисбатан 12 та қўшимча, яъни жами бўлиб 69 та имтиҳон ўтадиган бино ҳозирланди. Мазкур биноларнинг ҳар бирига кузатув камералари, кондиционерлар, ўрнатилди.
- ДТМ 2019-20 ўқув мавсуми олдидан олийгоҳларга ҳужжат топширишнинг пулли механизмини қабул қилди. Аслида, бу чора нима учун қўлланди?

















