Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019 йил 29 июль куни Сингапур CrescentRating агентлигининг мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтинги юртимизга жорий этилиши муносабати билан тақдимот ўтказилиши режалаштирилган.
CrescentRating агентлиги Жаҳон ҳалол туризм бозорида йирик экспертлардан саналади. Ташкилот 2015 йилдан бошлаб «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» (Global Muslim Travel Index) рейтингини эълон қилиб келади. Мазкур рейтингга 130 та мамлакат аъзо бўлиб, унда 40 дан ортиқ мезонлар асосида мусулмон сайёҳлар учун таклиф этиладиган хизматлар баҳоланади.
Рейтингга кўра, юртимиз 2019 йилда «Жаҳон мусулмон сайёҳлик индекси»да 22-ўринда бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 10 поғона юқорилади дегани.
Маълумки, жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Бухорода ўтказилган «II Халқаро зиёрат туризми форуми» доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси CrescentRating агентлиги ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, ушбу халқаро ташкилот билан келгусидаги истиқболли лойиҳалар бўйича келишувларга эришилганди.
Мазкур келишув доирасида жорий йилнинг май ойида CrescentRating агентлиги мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтингини мамлакатимиздаги туристик ташкилотларга жорий этиш юзасидан агентлик «Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази» ДУК билан шартнома имзолади.
Мазкур баҳолаш рейтинг тизими ихтиёрий бўлиб, ундан фойдаланишда истаган туристик ташкилотлар мусулмон меҳмондўстлиги соҳасида бир қанча имтиёзларга эга бўлади. Жумладан:
CrescentRating агентлиги томонидан туристик ташкилот ходимларига бепул малака ошириш курслари;
«ҳалол туризм» йўналишидаги сертификатланган курсларга чегирма;
туристик хизматларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш;
маҳаллий бозорда мусулмон меҳмондўстлиги талабларга жавоб берадиган ташкилот сифатида сайёҳларни жалб қилиш орқали даромадини ошириш каби имкониятлар тақдим этилади.
Ушбу рейтинг хизматларидан сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, овқатланиш масканлари, аэропортлар, вокзаллар, савдо-кўнгилочар масканлари фойдаланиши мумкиндир.
Ушбу баҳолаш рейтингида халқаро экспертлар мусулмон сайёҳлар учун юқорида келтирилган туристик манзиллардаги яратилган қулайликлар ва уларнинг эҳтиёжларини инобатга олганлигига алоҳида эътибор қаратади.















