Самарқандлик ҳайдовчи вилоят ЙҲХБ яқинида йўл ҳаракати қоидаларида мавжуд бўлмаган белги ўрнатилганига эътироз билдирди
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ёнидаги Спитамен шоҳкўчаси ва Қозизода Румий кўчаси кесишмасидаги чорраҳада ўрнатилган йўл белгиси ҳайдовчилардан бирининг эътирозига сабаб бўлди, деб ёзади самарқандлик блогер Мирзо Субҳонов.
«Ҳаммага йўл бериб тўғрига ҳайдаш мумкин» деб ёзилган ушбу йўл белгиси чорраҳада эрталаб соат 07:00 дан 10:00 гача амал қилиши белгиланган эди.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБнинг бошлиғи Абдунаби Носировнинг ҳайдовчи Б.Х.нинг мурожаатига жавобан берган маълумотига кўра, ушбу йўл белгиси Спитамен шоҳкўчасидан шаҳарга кириб келаётган транспорт воситалари сонининг кўплиги ва аксинча, Қозизода Румий кўчасидан шаҳарга кириб келаётган автомобилларнинг жуда камлиги сабабли синов тариқасида ўрнатилган.
Бошқарма бошлиғининг қўшимча қилишича, ушбу туташмада ҳайдовчилар ўртасида ҳаттоки сўровнома ҳам ўтказилган ва сўровдаги барча ҳайдовчилар ушбу йўл белгиси тирбандликларни олдини олишда аҳамияти жуда ҳам катталиги ва уни ўз жойида қолдириш лозимлигини билдиришган.
Ушбу йўл белгиси ўрнатилиши натижасида йўл транспорт ҳодисасига учраб моддий зарар кўрган ҳайдовчи эса Самарқанд ЙҲХБ ушбу йўл белгисини ўз биноси яқинига ҳар куни эрталабги «развод»дан сўнг ходимларнинг чорраҳадаги светофор қизил чироғини кутиб турмасдан ҳаракатланавериши учун қўйилганлигини иддао қилади. Ҳайдовчининг қўшимча қилишича, ушбу белги йўл ҳаракати қоидаларида ҳам мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган йўл ҳаракати қоидасининг 1-иловасида 5.42 «Қизил чироқда ўнгга ҳаракатланиш» йўл белгиси мавжуд.
Светофор қизил чироғининг ўнг ёнига 5.42 йўл белгиси ўрнатилган бўлса, ҳайдовчилар светофорнинг тақиқловчи ишораси ёниб турганда ҳам чапдан келаётган транспорт воситаларига ва кўчани кесиб ўтаётган пиёдаларга йўл бериб, ўнгга бурилишлари мумкин.
Ҳайдовчи мурожаати ортидан «Ҳаммага йўл бериб, тўғрига ҳайдаш мумкин» деб ёзилган белги йўл ҳаракати қоидаларига зид эканлиги аниқланди ва унинг чорраҳадан олиб ташланиши таъминланди.
Мавзуга оид
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
15:49 / 02.10.2024
Самарқандда тормози ишламай қолган “Камаз” 7 та машинани пачоқлади
19:00 / 13.09.2024