Олий таълим муассасасига кириш имтиҳонлари чоғида саволларнинг нотўғри тузилгани юзасидан абитуриентларнинг эътироз билдириши, апелляцияга бериш ҳолатлари кўп учрамоқда. Агар абитуриент тест саволининг нотўғрилиги юзасидан мурожаат қилса, саволнинг нотўғрилиги исботини топса, бу савол учун балл фақат даъвогар абитуриентга қўшиб бериладими? Тест топшириқларида худди шу нотўғри савол тушган, лекин апелляция бермаган абитуриентларга-чи? Бу ҳақида Давлат тест маркази мутасаддилари “Тест синови ўтказишга оид давлат сиёсати: абитуриент ва педагог ходимларнинг чет тилини билиш даражасини баҳолаш” мавзусидаги матбуот анжуманида изоҳ беришди.

Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Эльвира Ураеванинг маълумот беришича, нотўғри савол бўйича кейинчалик абитуриентга балл берилиши учун абитуриент тегишли тартибда шикоят қоғозини тўлдириши керак.

“Агар имтиҳон чоғида саволнинг тўғрилигига абитуриентда шубҳа туғилса, буни назоратчиларга билдириши ва шикоят бланкасига нотўғрилиги тахмин қилинаётган саволни қайд этииши керак. Кейинчалик ДТМ мутахассислари томонидан бу эътирозлар ўрганиб чиқилади. Агар кўрсатилган саволнинг нотўғрилиги исботланса, тест топшириқларида шу савол тушган абитуриентларнинг барчасига балл қўшиб берилади”, ─ дейди Эльвира Ураева.