Ўзбекистон президентининг қарори билан Москвадаги Бутунроссия кўргазма маркази ҳудудидаги 66-павильонда “Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази” экспозицион марказини ташкил этиш тўғрисидаги битим тасдиқланди.
Мазкур битим шу йилнинг 30 май куни Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида Урганч шаҳрида имзоланганди.
Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги юқорида мазкур халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгиланди.
Ташқи ишлар вазирлиги мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун Ўзбекистон томонидан зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ва уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган ҳақидаги тегишли билдиришномани Россия томонига юборади.
Май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг V форумида Россия маданият вазири Владимир Мединский Москвадаги ВДНХ кўргазмаси павильонларидан бири Ўзбекистонга муддатсиз фойдаланиш учун берилишини маълум қилганди.














