Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда сел сув омбори қурилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилояти Китоб туманида Аёқчи сел сув омборини қуриш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, бош лойиҳа ташкилоти “Ўзсувлойиҳа” акциядорлик жамияти томонидан 16,8 млн куб м. ҳажмдаги сел сув омбори қурилиши назарда тутилган “Қашқадарё вилояти Китоб туманида Аёқчи сел сув омборини қуриш” лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоби ишлаб чиқилган.
Қарор билан “Қашқадарё вилояти Китоб туманида Аёқчи сел сув омборини қуриш” лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоби асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари билан тасдиқланди.
Лойиҳани амалга ошириш бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг “Қашқадарёсувқурилишинвест” давлат унитар корхонаси буюртмачи этиб белгиланди;
бош пудрат ташкилоти белгиланган тартибда тендер савдоси асосида аниқланади;
қурилишни якунлаш муддати 2023 йил 1 сентябрь этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бош лойиҳа ташкилоти “Ўзсувлойиҳа” акциядорлик жамияти билан биргаликда 2019 йилнинг 1 декабрига қадар қарор тасдиқланган техник-иқтисодий ҳисобга мувофиқ ишчи ҳужжатлар сифатли ишлаб чиқилишини ҳамда ваколатли экспертиза органларидан белгиланган тартибда экспертиза хулосалари олинишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги талаб этиладиган капитал қўйилмаларни:
жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан;
2020 - 2023 йиллар давомида асосий кўрсаткичларни ҳар йили аниқлаштириб, Ўзбекистон Республикасининг келгуси йиллар учун Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантириш жараёнида инобатга олинишини таъминлайдилар.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги лойиҳа доирасида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан белгиланган тартибда назорат ўрнатади.
Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Ҳамроев ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Ш. Рўзиев лойиҳани амалга ошириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилиши ҳамда барча зарур шарт-шароитлар яратилиши, шунингдек, лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгардир.