Ҳар бир, маълум сиёсий ва иқтисодий қудратга эга бўлган давлат ўзининг халқаро ўрнини юқорилатишга уринади — сиёсий ва иқтисодий нуфузини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Бунга табиий ҳол ўлароқ қарамоқ лозим. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) тузилган пайтда ҳам бу каби мақсадлар кўзланганига шубҳа йўқ — минтақанинг энг қудратли давлати — Россия Федерацияси минтақа давлатлари, хусусан, Марказий Осиё минтақасида ўз манфаатларини «юрғизиш»ни мақсад қилганига ҳеч бир сиёсий ёхуд иқтисодий таҳлилчи шубҳа қилмайди.

Хўш, биз ЕОИИга киришимиз керакми? Унга аъзолик бизга нима беради ва биз нимани йўқотамиз? Бу саволлар устида бироз фикр юритамиз.

I. Қисқача кириш

ЕОИИга аъзолик масаласи илк бор президентимизнинг Сенат мажлисидаги нутқида янгради. Шундан кейин таниқли иқтисодчи мутахассислар масалага доир ўз фикрларини айтишди. Эндиликда ҳуқуқшуносларнинг ҳам фикр билдириш пайти келди, деб ўйлайман. Чунки ЕОИИ авваламбор қонун-қоидаларга асосланган, Европа иттифоқининг ташкилий шаклини маълум даражада ўзига ўрнак олган ташкилот бўлиб, унга аъзо бўлиш ҳуқуқ ва мажбуриятларни тақозо қилади.

ЕОИИ ҳақида қисқача маълумот берадиган бўлсак, Россия, Беларусь, Қозоғистон 2011 йилдан божхона иттифоқи, 2015 йилдан бошлаб эса иқтисодий иттифоқни ташкил этишган. Унга 2015 йилда Қирғизистон ва Арманистон давлатлари аъзо бўлиб кирган. Евроосиё иқтисодий интеграцияси марказида маҳсулотлар, хизматлар, капитал ва меҳнат кучи учун ягона бозорни ташкил этиш ётади. Ташкилотнинг низоларни ҳал этувчи алоҳида суди, Евроосиё тараққиёт банки, шунингдек, Барқарорлик ва ривожланиш жамғармаси мавжуд.

Ҳозирда Ўзбекистон икки фронтда эркин савдо борасида жадал музокаралар юритмоқда: Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ва Европа иттифоқи билан кенгайтирилган битим тузиш масалалари.

Президент берган ишорасидан биз учун Европа иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилоти билан музокаралар тугаганидан сўнг энг муҳим масала бу — энг аввало МДҲ давлатлари бозорига кириш эканлигини тахмин қилсак бўлади. Энг камида, мен шундай тушундим.

II. ЕОИИга аъзо бўлишнинг фойдалари

Катта бозор. Авваламбор, ЕОИИга аъзолик биз учун 182 миллиондан ошиқроқ инсон истиқомат қилувчи, қиймати эса 1 триллион 587 миллиард АҚШ долларига тенг бозорга кириш имконини беради. Ўзбекистон бу бозорга ўзининг нисбатан арзон маҳсулотларини экспорт қилиб, катта миқёсда фойда кўриши мумкин.