Банклар азал-азалдан пул, молия ва иқтисоднинг рамзи бўлган ҳамда асрлар оша дунёга хизмат қилиб келишмоқда. Дунёда минглаб банклар бор, биргина АҚШнинг ўзида 5 мингдан ортиқ бундай муассасалар фаолият юритади. Лекин уларнинг кучли ўнлигига назар ташласак, бутун дунёнинг биринчи иқтисоди-ю молиявий ресурсларини ўзида жамлаган АҚШ вакиллари етакчилар сафида эмаслиги намоён бўлади.

10 – Credit Agricole

Credit Agricole Франциянинг иккинчи ўринда турувчи банки бўлиб, 2,117 трлн долларлик активларга эга. Унинг бозор қиймати 308 млрд долларни ташкил қилади (рейтингда банк активлари ва бозор қиймати ўртасида тафовут мавжуд. Рўйхат банклар бошқарувидаги активларга кўра тузилган). 1894 йилда ташкил этилган бу банк дастлаб фермерларга хизмат кўрсатган ва кейинчалик деярли барча соҳаларни қамраб олган.

9 – Bank of America

Америка номини ўзлаштириб олган Bank of America бу давлатнинг рамзларидан бири ҳисобланади. Дунё бўйлаб сочилиб кетган тармоқлар ва 2,281 трлн доллар активларга эга бу банк обрўси жуда баландлигига қарамай камтаргина 9-ўринни эгаллаган ҳамда бозор қиймати 325 млрд долларни ташкил қилади. Бу жиҳатдан у дунёда учинчи ўринда туради. 2008 йилда Merrill Lynch банкини ўзига қўшиб олганидан сўнг фаолият қамрови янада ортган.

8 – BNP Paribas

Кучли ўнликда Франциянинг яна бир вакили мавжуд. У 2000 йилда Париж Миллий банки (BNP) ва Paribas банклари қўшилувидан ташкил топган ҳамда икки номни ўзида жамлаган. 2,357 трлн. доллар активга эга бу банкнинг дунёнинг 80га яқин давлатларида 40 млн нафардан ортиқ мижозлари бор. Бозор қиймати ҳам ёмонмас – 85 млрд доллар.

7 – HSBC Holdings

Бу банкни бир неча давлатга тегишли дейиш мумкин. HSBC банкининг штаб-квартираси Лондон шаҳрида жойлашган ва унинг тармоқлари бутун Европа бўйлаб сочилиб кетган. 1885 йилда Ҳонгконг ва Шанхай банкалараро кооперацияси томонидан ўша пайтда Британия колониясида ташкил этилган бу муассаса нуфузи асрлар оша кўтарилиб бориб, бугунги кунда 80дан ортиқ давлатларда фаолият юритади. HSBC нафақат кредитлаш, балки инвестицион лойиҳаларда ҳам жуда фаол. Бозор қиймати – 175 млрд доллар.