Акциядорлик-тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” ўзининг 25 йиллигини нишонламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 20 июндаги қарорига асосан, 1994 йил 2 августдан “Fаллабанк” фаолият юрита бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 мартдаги қарори асосида “Ғаллабанк” негизида “Қишлоқ қурилиш банк” ташкил этилди. Мазкур саналар банк фаолиятида ёрқин из қолдирган тарихий воқелик ҳисобланади.
Ўтган йиллар давомида банк мижозларга хизмат кўрсатиш, қишлоқ қурилишини кредитлаш, тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш борасида сезиларли тажриба тўплади. Йилдан-йилга банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўлами, мижозлар базаси ва инфратузилмалар тармоғи кенгайиб борди.

Банк 25 йил аввал ўз фаолиятини 8 нафар ходим ва 10 та мижозга хизмат кўрсатиш билан бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб банк тизимида 3 000 дан зиёд ходим иш юритмоқда ва 807 мингдан зиёд мижозларга хизмат кўрсатилмоқда. Банкнинг дастлабки устав сармояси 8 миллион сўмдан иборат бўлган бўлса, ушбу кўрсаткич бугунга келиб 1 триллион 481 миллиард сўмдан ортди.
Бугунги кунда “Қишлоқ қурилиш банк”нинг соф активлари 10 триллион 996 миллиард сўмни ва жами капитали 1 триллион 310 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.
Банк 42 та филиал, 38 та минибанк, 41 та жамғарма ва 52 та валюта айирбошлаш ҳамда 44 та халқаро пул ўтказмалари шохобчалари орқали республика ҳудудларида аҳолига замонавий хизматларни кўрсатмоқда.

“Қишлоқ қурилиш банк” ўтган йиллар давомида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш бўйича Давлат Дастурларининг фаол иштирокчиси бўлиб келмоқда. 2009-2019 йилларда республикамизда 123 мингдан ортиқ намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши бўйича иш олиб борилди. Ушбу уй-жойларнинг 80 мингдан ортиқ қисми бевосита мазкур банк томонидан молиялаштирилди. Шу даврда қурилиш ишлари учун 15,41 трлн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу борада мазкур банк томонидан молиялаштирилган уй-жойлар учун 3,23 трлн. сўм аҳолининг маблағлари, 6,34 трлн. сўм банкнинг маблағлари сарфланди.













