Ўзбекистон | 16:25 / 02.08.2019
4431
2 дақиқада ўқилади

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари мажлисларини тўғридан-тўғри эфирда кўрсатиш таклиф этилди

Фото: pravda.ru

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари мажлисларини тўғридан-тўғри эфирга узатиш ҳақида петиция эълон қилинди

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлиги белгилаб қўйилган. Ҳозирги кунда давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш, жумладан, халқ манфаатларини инобатга олган ҳолда қарорлар қабул қилиш ва давлат ҳокимияти органларида шаффофликни таъминлаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. 

“Шу нуқтаи назардан, давлат ҳокимияти органлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида вилоят ва туман халқ депутатлари кенгашлари мажлисларини телевидение ва интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатишни таклиф қиламан”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Билдирилишича, бу орқали жамоатчилик вилоят ва туман халқ депутатлари кенгашлари мажлисларида қандай масалалар кўрилаётганлиги ва бу бўйича кенгаш томонидан қандай қарорлар қабул қилинганлиги бўйича бевосита хабардор бўлади.

“Афсуски, ҳозирги кунда вилоят ва туман халқ депутатлари кенгашларида қандай масалалар кўрилаётгани ёки қандай қарорлар қабул қилинаётганлиги ҳақида етарлича маълумот берилмайди, бундан жамоатчиликнинг хабари йўқ. Аслида эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари мажлислари ўша ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий фаровонлигини таъминлашга алоқадор масалаларни кўриб чиқиши ва бу бўйича қарорлар қабул қилиши керак”, - дейилади петицияда. 

Уларнинг мажлисларини тўғридан-тўғри эфирга узатилиши кенгаш фаолиятида самарадорликни ошириши ва депутатларни фаолликка ундаши айтилади. Бу таклиф маҳаллий кенгашлар фаолиятини баҳолашга ва мавжуд камчиликларни аниқлашга хизмат қилади.

“Шу сабабли, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари мажлисларини тўғридан-тўғри эфирга узатишни таклиф қиламиз”, - дея якунланган мурожаат.

Мавзуга оид