Жамият | 18:00 / 03.08.2019
38130
2 дақиқада ўқилади

Мактаб формаси фақат оқ ва қорадан иборатми?

Жорий йилнинг 4 август куни Тошкент шаҳридаги Пушкин номидаги майдонда Back to school with Uztextile  шиори остида янги мактаб формалари кўргазмаси ташкил этилади. 

 «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган  кўргазмада энг яхши намунада тайёрланган янги мактаб формалари, тўқимачилик маҳсулотлари, миллий дизайнерлик марказлари ишланмалари тақдим этилиши кутилмоқда. 

Шунингдек, 2024-2025 ўқув мавсумидан жорий этилиши кутилаётган ягона мактаб формаси ҳам кенг жамоатчиликка тақдим этилади. Бундан ташқари, маҳаллий бозор расталарига чиқарилаётган энг яхши турдаги мактаб формалари ота-она, ўқувчиларга кўрсатилиши кутилмоқда. Кўргазма давомида ота-оналар, иштирокчилар исталган маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар ўрнатган нархда сотиб олиши мумкин.

«Стереотиплар туфайли мактаб формасини оқ ва қорадан иборат қабул қиламиз. Аслида дизайнерлар ўқувчи саломатлиги ва кайфиятига ижобий таъсир қилувчи, қулай ва арзон формаларни яратиш устида иш олиб боришмоқда. Кўргазмада улар ҳам намойиш этилади», — дейди Kun.uz билан суҳбатлашган уюшма вакили. 

Кўргазма давомида эстрада хонандалари чиқишлари, маданий тадбир ҳамда кўнгилочар ўйинлар, танловлар ўтказилиши ва совғалар тарқатилиши белгиланган. 

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги барча мактаблар раҳбариятлари, ўқитувчилар, ўқувчи ва уларнинг ота-оналари, ўзбек трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотларига ихлосманд барча кўргазмага ташриф буюриши мумкин. Кириш бепул.

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид