Нима учун тарвуз таркибидаги нитратлардан қўрқмаслик керак, ушбу полиз экини кимлар учун ҳақиқатда хавфли ва кимлар уни тановул қилмагани маъқул?

Нитратлар азот кислотасининг тузларидир.

Улардан қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида фойдаланилади. Нитратлар инсон организмида ҳам учраб, сўлак таркибида микробга қарши вазифани бажариши ва шунингдек, юрак-қон томири фаолиятида иштирок этиб, қон босимини назоратда сақлаши мумкинлиги аниқланган.

Танада ортиқча тўпланган нитратлар организм ферментлари ва ичакларда ҳамда оғиз бўшлиғида учровчи баъзи бактериялар таъсирида бир неча марта кўпроқ токсик нитратларга айланади. Қон таркибида улар гемоглобинни метгемоглабинга айлантиради, метгемоглобин кислород ва карбонат ангидридни етказиб беролмайди. Унинг қондаги миқдори 30 фоизгача етса, ўткир заҳарланиш, нафас қайтиш, тахикардия, энса қисмида оғриқ, ҳолсизлик ва қон босими тушиши аломатлари пайдо бўлади.

Қонда метгемоглобин концентрацияси ошиб бориши ўлимга олиб боришга қодир.

Бундан ташқари, ошқозон кислота муҳитида нитритлардан ҳазм қилиш органлари саратонига сабаб бўлувчи нитрозаминлар пайдо бўлиши мумкин.

Қизиқарлиси шундаки, нитратларнинг организмга нисбатан эҳтимолий зарари, биринчи навбатда, уларнинг манбалари билан боғлиқ. Бир неча ўн йиллар давом этган улкан эпидемиологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, гўшт маҳсулотларидаги бактериялар ўсиши олдини олиш учун қўшилган нитратлар (аниқроғи, организмда улардан ҳосил бўлувчи нитрит ва нитрозаминлар) жуда хавфлидир. Танада уларнинг тез-тез пайдо бўлиши онгологик касалликлар эҳтимолини оширади.

Сабзавот ва мевалар таркибидаги нитратлар эса аксинча, организмда ошқозон раки ривожланиши хавфини камайтиради.

Лаборатория тажрибалари шуни кўрсатмоқдаки, зарарли моддалар ўсиши гўшт компонентлари мавжуд ҳолатларда тезлашади. Сабзавот ва мевалар бу каби реакцияларга қарши антиоксидантларга эга. Улар сабабли нитритлар азот кислотасига (II) айланади, қон томирлари кенгаяди ва қон босими яхшиланиши кузатилади.
Тарвузлар етиштирилиш жараёнида ўсиши учун айнан қанча керак бўлса, худди шу миқдорда нитрат билан ўғитланади. Пишиб етилиш давомида тарвуз у билан озиқланиб ўсиб олади - таркибида азот қолмайди. Шунинг учун нитратлардан хавфсирайдиган харидорлар етук тарвузни танлашлари керак, хом тарвуз таркибида нитратлар сақланиб қолади.

Бундан ташқари, минтақамизда эрта пишувчи силлиқ тарвузлар ҳам нитратларга бой. «Лалми» навидан фарқли равишда, бу тарвузлар илдизи суст ривожланган, ўз-ўзидан озиқлана олмагани сабабли ўғитни кўп «ейди». Кечпишар тури сув ва керакли озуқани ўзи қидириб топгани учун ҳам кейинроқ етилади. Шунга қарамасдан, тарвуз истеъмолининг саломатликка салбий таъсирлари ҳам аниқланган.