Ўзбекистонда физикани ривожлантириш ва уни кейинги босқичга кўтариш учун илмий мактаблар, моддий-техник база ва кадрлар етарлими? Шу каби саволларга жавоб излаб, физика йўналишида энг йирик муассасалардан бири Ўзбекистон Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти фаолияти билан яқиндан танишдик.

Ион-плазма ва лазер технологиялари институти 2017 йил қайта ташкил этилган бўлиб, институтнинг асосий йўналишлари материалшунослик, физикавий электроника, ион-плазма жараёнлари, лазер технологиялари, оптика, иссиқлик физикаси ва юзадаги жараёнларни ўрганишдан иборат.

Институт мисолида, физика йўналишида тадқиқотлар олиб бориш учун инфратузилма, фаннинг саноат тармоқлари билан амалий ҳамкорлиги, ўзбек фанида истиқболли йўналишларга ёндашув, илмий мактаблар яратилиши ва чет элда илм билан машғул бўлган ватандошларни ўзбек фанига жалб қилиш билан яқиндан танишамиз.

Инфратузилма

Ҳукумат қарори асосида 2017-2020 йилларда институт биноси тўлиқ капитал таъмирланди. Замонавий илмий асбоблар харид қилиш учун 2,8 млн АҚШ доллари ажратилган бўлиб, бугунги кунгача 2,5 млн долларлик асбоб-ускуна харид қилинди.

Институтда замонавий аналитик қурилмалар парки шаклланган ва кўп қурилмалар Ўзбекистонда ягона бўлгани сабабли институт қошида ушбу қурилмаларни жалб қилган ҳолда “Жамоавий фойдаланиш маркази” ташкил этилган.

Институтнинг етакчи олимларидан бири профессор Владимир Родштейн муассасадаги замонавий аналитик қурилмалар фаолияти билан таништирди.

“Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июндаги 366-сонли қарорига биноан Ион-плазма ва лазер технологиялари институти қошида институтнинг илмий қурилмалардан жамоавий фойдаланиш маркази ташкил қилинди. Ундан мақсад Фанлар академияси ва Олий таълим муассасаларининг юқори технологик, илмий аналитик қурилмаларда тадқиқот ўтказишга бўлган талабини қондиришдан иборат эди.

Владимир Родштейн

Масалан, “Эйжилент” компаниясига тегишли газ хроматографида институтда олинган кунлик намуналар таҳлил қилинади. Шунингдек, бошқа ташкилотлардан ҳам таҳлил учун буюртмалар оламиз.