Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда унда кўтарилган масалалардан келиб чиқувчи муҳим вазифалар хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, президент раислигида жорий йил 23 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлар мулкларини компенсация тўламасдан бузиш ва ер майдонларини олиб қўйишга мутлақо йўл қўйилмаслиги белгиланган эди. Давлат раҳбари шу масалада бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Ишчи гуруҳ тузиш, улар жойларга чиққан ҳолда тадбиркорларга етказилган зарарни хатловдан ўтказиб, бу маблағларни бозор қиймати асосида тўлаб бериш зарурлигини таъкидлаган эди.

Жорий йил 5 августдан бу борадаги ишларни қатъий тартиб билан, уч босқичда ташкил этиш белгиланди. Биринчи босқичда ҳудудий ҳокимликлар бузилишига зарурат туғилган жой бўйича материаллар тўпламини Вазирлар Маҳкамасига киритади. Иккинчи босқичда шаҳарсозлик талаблари бўйича Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ҳамда молиявий ҳисоб-китоблар бўйича Бош вазир ўринбосари томонидан хулоса тайёрланади. Учинчи босқичда мазкур хулоса кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун бош вазирга киритилади.

Олий Мажлис қуйи палатаси Кенгашининг танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишида парламент қуйи палатасининг айрим депутатлари жонкуярлик қилганини ҳисобга олмаганда, аксарият депутатлари тадбиркорлар мулкларини компенсация тўламасдан бузиш ва ер майдонларини олиб қўйиш билан боғлиқ нохуш вазиятларга эътибор бермагани қайд этиб ўтилди. Айниқса, депутатлик бирлашмалари, қўмиталар ушбу долзарб масалага ўзининг қатъий позициясини билдирмагани танқид қилинди.

Бундан буён бундай нохуш ҳолатга чек қўйиш учун парламентнинг назорат функцияларидан фойдаланиш, депутатлик ҳамда парламент назоратини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча қўмиталар, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлик гуруҳи вакиллари видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалардан келиб чиқувчи муҳим вазифаларни белгилаб олиш, бу борада “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, уларнинг ижросини қатъий таъминлаш  зарур деган қатъий фикрни билдирдилар.

Парламент қуйи палатасида қонун ҳужжатларини қабул қилиш жараёнида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш масаласига янада жиддий ёндашиш, депутатларнинг жойлардаги халқ билан мулоқотлари доирасида тадбиркорлар муаммоларини чуқур ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этишга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.