DW нашрининг Финландиядаги Yle ахборот хизматига таяниб хабар беришича, бу ҳолатларнинг барчаси 2026 йил давомида кузатилган. Воқеалар ҳақида 1 октябр куни маълум қилинган.
Депутатларнинг айтишича, улар йўқлигида хусусий уйлари ва квартираларига кимдир кирганини кўрсатувчи белгиларни пайқаган. Хусусан, айрим хонадонларда кириш эшиклари очиқ ёки чироқлар ёниқ бўлган.
Шу билан бирга, қулф ёки эшикларни бузиб кириш излари аниқланмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, уйлардан ҳеч нарса ўғирланмаган ва буюмларга зарар етказилмаган.
Бундай ҳолатга дуч келган депутатларнинг аниқ сони очиқланмаган. Yle маълумотига кўра, уларнинг сони 20 нафардан кам.
Белгилар атайлаб қолдирилган бўлиши мумкин
Ҳозирча эҳтимолий киришлар ортида ким тургани ва бундан қандай мақсад кўзлангани маълум эмас.
Финландия парламенти спикери Юсси Халла-ахо уйлардаги белгилар атайлаб қолдирилган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.
«Эҳтимол, бу тахмин қилинаётган кириш ҳолатларида муайян умумий белгилар такрорланаётгандир», — деган у 1 октябрдаги матбуот анжуманида.
Бош вазир хорижий кучлар иштирокини истисно қилмади
Финландия бош вазири Петтери Орпо воқеаларга хорижий кучлар алоқадор бўлиши мумкинлигини айтган. Бироқ ҳозирча бундай иштирокни тасдиқловчи маълумот келтирилмаган.
«Агар кимдир Финландиядаги барқарорликни издан чиқаришга, хавфсизлик ҳиссимизни ёки, масалан, Украинани қўллаб-қувватлашимизни сусайтиришга уринса, бу тескари натижа беради», — деган Орпо.
У Москва аввал ҳам Европадаги сайловларга аралашишга уринганини эслатган. Финландияда навбатдаги парламент сайловлари 2027 йил апрел ойида ўтказилиши кутилмоқда.
Полиция тергов бошлади
Ҳелсинки полицияси депутатларнинг хусусий турар жойларига кириш ҳолатлари юзасидан дастлабки тергов бошланганини тасдиқлаган. Тергов Миллий тергов бюроси кўмагида олиб борилмоқда. Ҳозирча қўшимча тафсилотлар очиқланмаган.








