Республиканинг турли ҳудудларидан ҳокимият томонидан фермерларга қарашли ерлар олиб қўйилиши масаласида таҳририятга мурожаатлар келиши давом этмоқда. Бу сафарги мурожаат Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида истиқомат қилувчи фермер оиласидан келиб тушди.
Фермер Расул Худойбергановнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 январида «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида уларнинг ерлари 100 гектар қилиб қайта ташкил этилган. Шундан 50 гектарига ғалла, 8 гектарига пахта экилган ва қолган қисми бошқа фермерчилик тармоқлари учун фойдаланилмоқда. Туман ҳокими Жўрабек Раҳимов фермернинг пахта экилган дала қисмига ўз эътирозини билдириб, «яхши парваришланмаган» дея у билан тузилган шартномани бекор қилиш бўйича судга берган.
«Ҳоким ҳеч қандай суд қарорисиз бизни ўз еримизга киритмай қўйди. Шу сабабли бир неча ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Ҳоким эътироз билдираётган далалар қарор асосида бу йил, эндигина бизга қўшиб берилди. Ерни яхшилаб ўрганишимга ҳеч бўлмаса, бир йил керак бўлади. Ҳоким бўлса, ерга эътибор бермагансан, деб бизни судга берди.

4 июль куни бу иш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди. Қонун бўйича ҳокимият аввалига огоҳлантириш бериши, камчиликларни тўғрилашимиз учун вақт бериши керак экан. Улар бу талабларни бажармаганди. Шунинг учун суд даъво аризасини қаноатлантирмади.
Ҳоким қабулига кирсам «Сен фермерлик қила олмайсан. Сенинг фаолиятингни тугатамиз», деди. 1999 йилдан бери оиламиз фермерлик билан шуғулланиб келади. Ўтган йили сув муаммоси бўлиб озгина қийналдик, лекин эл қатори режани 80 фоизга бажардик. Ундан аввалги йиллар режаларни ортиқча қилиб топширганман. Барча техникаларим мавжуд. Туман ҳокими ғалла режасини ҳам тўлдира олмайди деди. Лекин ортиқчаси билан бажардим. Ўзимга ҳам қолди», - деди Расул Худойберганов.

Шундан сўнг, иккинчи тарафдан изоҳ олиш мақсадида туман ҳокими Жўрабек Раҳимов билан суҳбатлашдик. Унинг сўзларига кўра, фермерлар агротехника қоидаларини қўпол равишда бузгани сабабли туман қишлоқ хўжалиги бўлими салбий хулоса берган. Туман ер ресурслари ва давлат кадастри ҳам пахта етиштириш, ғўза тарбияси масаласида ҳокимга тегишли тақдимнома киритган. Шулар асосида ер ижара шартномасини бекор қилиш учун фермер судга берилган. Лекин суд даъво аризасини кўриб чиқиб, уни қаноатлантиришдан рад этган. Эндиликда фермер фаолиятини давом эттириши мумкин.


















