Ҳайдовчилар учун янги жарима тури қачондан бошлаб кучга кирди?
3 августдан бошлаб юридик шахсларнинг йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлмаса, унда улар энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилади, деб ёзмоқда Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультантлари Шавкат Гайбердиев, Мирзоҳид Мирзалиев.
Президент томонидан жорий йил 2 майда имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонунга мувофиқ, Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) биринчи қисми диспозицияси янги таҳрирда қуйидагича баён этилди:
"Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, шунингдек, транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси (ушбу кодекснинг 135-1-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно), қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, лицензия карточкаси ёки йўл варақаси, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан, йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда, гувоҳнома олинган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бундан мустасно) ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши, худди шунингдек, ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) транспорт воситаларини бошқариш".
Янги ўзгартиришларга кўра, агар юридик шахсларнинг йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлмаса, улар энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида (223 000 сўм) жарима тўлайди.
Мазкур модданинг янги таҳрирдаги қоидалари қонун қабул қилинганидан уч ой ўтиб амалга киритилиши белгиланган.
Демак, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддаси биринчи қисми диспозициясига киритилган ўзгартиш жорий йилнинг 3 августидан бошлаб кучга кирди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларига оид қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар замирида, аввало, йўл ҳаракати хавфсизлигини, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини таъминлаш мужассам. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чораларини кучайтириш, шунингдек, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш тартибини такомиллаштиришга эътибор қаратилаётгани ҳам шу мақсадга хизмат қилади.
Мавзуга оид
20:43 / 14.11.2024
Еврокомиссия Meta’ни қарийб 800 млн евро жаримага тортди
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:02 / 12.11.2024
Пискентда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қарийб 16 минг туп олхўри дарахти ёниб кетди
14:15 / 12.11.2024