17 август куни Тошкентда 27 ёшли такси ҳайдовчиси Ёқуббек Жўрабоев ва йўловчи аёл ўртасида чиққан оғзаки тортишув жанжалга айланган. Ҳайдовчининг айтишича, йўловчи воқеа жойига яқинларини чақирган ва улар келгач вазият чигаллашган. Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганди.

«Болангизга қаранг, машинадан тушиб кетса айб менда бўлади»

Ёқуббек Жўрабоевнинг айтишича, у 17 август куни Қорақамиш ҳудудидан йўловчи аёлни фарзандлари билан машинасига олган.

“Қорақамишдан олдим (йўловчини). Сал асабда эди, юкларини ўзим ортдим. Фарзандлари билан эди. Кетаётганда телефонда бақир-чақир қилиб ким биландир уришиб кетаётган эди. Асабда экан дедим. Боласи ўриндиқни тепиб ташлади. Болангизга қаранг, тепиб ташлади деб огоҳлантирдим. Машина ойналарини, эшикларни очиб ташлади бола. Агар машинадан тушиб кетса айб менда бўладими? Огоҳлантирсам қўпол муомалада бўлганидан кейин чеккага тўхтаб, тушиб бошқа такси чақира қолишини айтдим. “Ҳозир укаларимни чақираман, масалангни ҳал қилади” деди.

Укаси келиб машинани қўйди. Мен машинада ўтирдим, 102 чақиргандим. Шуни айтсам уриб кетди, машинадан тушмагандим, тортиб тушириб телефонимни олиб қўймоқчи бўлди. Видеоларни ўчирмоқчи эди. Телефоним ерга тушиб кетди, тортишиб кетдик. Машина ўчирилмаган эди, мени уришганда тегиб кетдим ва машина ҳаракатланиб олдинга урилиб кетди. Стрессда бўлганим учун нима бўлганини билмай қолдим. Нариги блогерлар (йўловчининг яқинлари) келиб босим қилишди, туфлашди, машинага чиқинди ташлашди. У аёл укалари келгандан кейин “менга жинсий алоқада бўласан деб таклиф қилди” дея туҳмат қилди. Лекин менда асос бор, видеоси бор телефонимда. Қўлидаям боласи бор, опамдан ҳам катта аёлга қандай шилқимлик қилишим мумкин? Унақа гап бўлгани йўқ”.

Ҳайдовчи шифохонага ётқизилди

Воқеа жойига етиб келган тез тиббий ёрдам ходимлари ҳайдовчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатгач, уни кейинги текширув ва даволаниш учун шифохонага олиб кетган.

Нейрохирург Умид Болтаевнинг маълум қилишича, бемор шифохонага келганида унга воқеа ҳақида маълумот берган.

«Бемор нотаниш шахслар томонидан калтакланганлиги ва натижада воқеа жойидан қочаётганда машинасини авария қилиб тан жароҳатлари олганлигини маълум қилди. Кўрикда беморда пешона, энса соҳаларида шишлар, иккала елка, чап ёнбош, кўкрак ва қорин соҳалари олд томонларида шилинган жароҳатлар аниқланди. Беморнинг тан жароҳати олганлигини ҳисобга олиб кузатув ва даволаш мақсадида нейрохирургия бўлимига ётқиздик”.

Иккинчи томон нима дейди?

Можаронинг иккинчи томонини ҳам эшитиш мақсадида Kun.uz таҳририятида мавжуд бўлган рақамлар орқали йўловчи ва унинг яқинлари билан боғланишга уринди. Аммо қўнғироқларга жавоб бўлмади.

Ҳайдовчига куч ишлатган шахслар, яъни йўловчининг танишлари таниқли инстаблогерлар бўлгани айтилмоқда. Улар воқеа жойида олиб, саҳифаларига жойлаган видеоларида опаларига нисбатан ҳайдовчи жинсий зўравонлик қилмоқчи бўлгани, машинадан тушишига қаршилик қилгани ҳақида айтишган. Аммо бу видеолар айни пайтда уларнинг саҳифаларидан ўчирилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Жиноят кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.