2019 йил 2 август куни Президент томонидан «Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинган эди.
Бугун, 5 август куни Миллий матбуот марказида Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари томонидан ушбу қарор ижроси ва мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳромбек Одилов ва вазирлик матбуот хизмати раҳбари Қутбиддин Бурхонов иштирок этишди ҳамда журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди. Вазир ўринбосари ушбу колония ёпилиши Ўзбекистон имижига ижобий таъсир кўрсатганини таъкидлаб, АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Памела Спратлен, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари, элчи Эдуард Стрипрайснинг фикрларини келтирди.

«2 августдаги қарор билан Жаслиқ колонияси тугатилди. Бу дегани, Жаслиқ колонияси ёпилди. Бу тарихий қарор. Аввало, бу қарор ортидан маҳбусларнинг оила-аъзоларининг мушкули осон бўлади. Уларнинг узоғи яқин бўлади. Мазкур қарорга асосан маҳбуслар уйига яқин ҳудудларга жойлаштирилади. Бунга суд қарор қилади. Бу ишлар 1 ой ичида қилиниши керак. Биз бунга тайёрмиз. Колонияда 395 маҳбус манзилига қараб жойлаштирилади. Буларнинг 10 фоизи диний-экстремистик жиноятлар содир этган маҳбуслар ҳисобланади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
«Жаслиқ колонияси 1999 йил ташкил этилган. Бу колонияни тугатиш сабабларидан бири, жамиятда бу ҳақида салбий фикр билдирилаётгани бўлди. Ҳар бир маҳбуснинг ортида кимдир бор. Бу колония эса, Қўнғирот туманида, туман марказидан 180 километр масофада жойлашган. Президентимиз томонидан бу колонияни тугатишда шу объектив сабаблар ҳам инобатга олинди», дея маълумот берди Қутбиддин Бурхонов.

Саволларга жавоб берар экан, вазир ўринбосари яна қуйидаги маълумотларни берди.


















