Трансферлар дарчаси ҳали ёпилмади, аммо кўплаб клублар таркибини янгилаб, мавсум олдидан якуний кўринишга келтиришга улгурди. Айниқса бу Англия клубларига тегишли, Туманли альбионда чемпионат шу уик-энддаёқ старт олади ва шундан кейин бу клублар футболчи сотиб ололмайди. Қуйида ёзги трансферлар бошланганидан буён янги футболчилар учун энг кўп пул сарфлаган 10 клуб келтирилади, бу клублар жами бўлиб 1,5 млрд евродан кўпроқ пул сарфлашган. Бу рўйхатдаги айрим номлар футбол мухлисларини ҳайрон қолдириши ҳам мумкин.
10. «Арсенал», 117 млн евро
Кутилмаган ҳолат: «Арсенал» ва қимматбаҳо харидлар? Аммо лондонликлар ҳам катта харажат қила оларкан, буни «Лилль»дан 80 млн еврога сотиб олинган Николя Пепе трансфери исботлади. Бу келишувнинг молиявий жиҳатлари тўлиқ ошкор этилмади, аммо бу пул французларга бир неча йил давомида бўлиб-бўлиб тўланади. «Реал»дан Дани Себальоснинг ижарага олиниши ҳам таркибни жиддий кучайтирди. Яна 30 миллион евро Вильям Салиба учун сарфланди, аммо ўнг қанот ҳимоясида ҳаракатланувчи бу футболчи олдиндаги бир мавсумни ўзининг собиқ клуби «Сент-Этьен»да ижара асосида ўтказади. Жамоага ҳали яна ҳимоячи керак, иккита бўлса яна яхши. Клубнинг фахрий футболчиларидан бири, сардор Лоран Косьелни «Бордо»га ўтмоқда, шунингдек, Шкодран Мустафи ҳам клубни тарк этиши мумкин.
9. «Бавария», 118 млн евро
«Бавария»нинг зиқна хўжайинлари ҳам пул сарфлашга киришди ва мюнхенликлар кўп пул сарфлайдиган клублар рейтингидан жой олди. Роббен ва Риберининг кетиши бунга асосий сабаблардан бири, уларнинг ўрнини тўлдириш ва янги даврга қадам қўйиш керак, ҳозирча мюнхенликлар ҳужумида қанотларда фақат Кингсли Коман ва Серж Гнабри бор. Лекин мудофаа чизиғи жиддий кучайтирилди: Бенжамен Павар 35 млн еврога, Люка Эрнандес 80 млн еврога сотиб олинди, улар камида Дортмунднинг «Боруссия» клубига қайтган Матс Ҳуммельс ўрнини тўлдириши, максимум эса – Киммих ва Алаба жароҳат олган тақдирда, уларнинг ўрнини ёпиши талаб этилади. Янги футболчилар марказда ҳам, қанотларда ҳам ҳаракатлана олишади. Сўнгги хабарларга кўра, клуб қанотни кучайтириш учун «Манчестер Сити» вингери Лерой Санени сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Агар бу трансфер амалга ошса, мюнхенликлар мазкур рўйхатнинг юқори қисмига жойлашади: «Манчестер Сити» ўзининг германиялик футболчисини фақат 120 млн евродан кўпроқ нархга сотишга рози бўлади.
8. «Севилья», 124 млн евро
«Севилья» — одатда ўз футболчиларини қимматга сотиб олиб, кучсиз чемпионатлардан арзонроқ футболчилар сотиб олиш билан шуғулланадиган клублардан бири эди. Аммо ҳозир клубда глобал қайта қуриш даври кетмоқда: клубга спорт директори Мончи қайтган, Испания терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Хулен Лопетеги клуб бошқарувига олиб келинган, таркиб эса радикал даражада ўзгармоқда. Асосий сотувлар: Промес, Сарабия ва Муриэль биргаликда клубга 50 млн еврога яқин маблағ келтирди. Энди харидлар ҳақида: чап қанот вингери Лукас Окампос (15 млн евро), икки нафар марказий ҳужумчи – Люк де Йонг ва Мунас Даббур (15 ва 12 млн евро), Хитойдан Неманья Гудель эркин агент сифатида келди, ўз вақтида «Сити»да ўйнаган Фернандо 5 млн еврога трансфер қилинди. «Севилья»нинг трансфер стратегиясидаги жиддий ўзгаришни пайқаш қийин эмас: энди клуб тажрибали футболчиларга ишонч билдирмоқда. Аммо талантли ва ёш футболчилар ҳам трансфер қилинди: иккита ёш марказий ҳимоячи («Бордо»дан Жюль Конде ва «Аякс»дан Макс Вебер учун 35 млн берилди. Умуман, «Севилья» кўп пул сарфлади ва янги таркибга эга бўлди. Бу таркиб қандай ўйнаркан?















