Ўзбекистонда 1996 йилдан кейин протекционизм, иқтисодий жараёнлар устидан назоратга асосланган иқтисодиёт модели эркин иқтисодий фаолиятга нисбатан саноқсиз тақиқ ва чекловлар ҳамда пора эвазига коррупциялашган амалдорлар томонидан бериладиган чексиз имтиёз ва преференциялар тўплами билан мувофиқликда тарих саҳнасини тарк этишни асло истамаяпти.
1930-йиллар бошида АҚШда «қуруқ қонун»ни бекор қилмоқчи бўлишганида ОАВда бундай қилиш асло мумкин эмаслиги, спиртли ичимликлар миллат саломатлиги учун зарарли эканлиги ҳақида туркум мақолалар чоп этилганди. Мақолалар учун пулни спиртли ичимликлар савдоси тақиқи ортидан катта маблағ ишлаётган ва бу тақиқлар сақланишидан манфаатдор мафия тўлаганди.
Ҳозир ҳам худди шундай бўляпти. Эски модель ортидан кун кечирганлар ислоҳотларга, ўзлари одатланиб қолган даромадли боқувчиларидан ажралишга асло рози бўлишмаяпти. Улар сақланиб қолиши учун ҳамма нарсага тайёрлар. Юқори мансабларда ўтириб олиб, улар нафақат ўтказилаётган ислоҳотларни саботаж қилишяпти, балки уларни мафкура даражасига кўтаришяпти.
Шу кунларда бир вақтнинг ўзида қатор нашрларда қандайдир иқтисодчи Виктор Мирзаевнинг «Фритрейдерлар» «протекционистлар»га қарши» деб номланган мақоласи тарқалди. Мақоласи чиққунига қадар бу «иқтисодчи» ҳақида ҳеч эшитмагандик. Ҳарҳолда интернетда бундай исм-шарифли муаллиф ҳақида ҳеч гап йўқ. Нашрларнинг ўзи ҳам у ҳақида ҳеч нарса демаган. Қўрқмасдан тахмин қилиш мумкинки, у сохта.
Энди мақолага келсак. Аслида бу ерда муҳокама қиладиган нарса йўқ. Мақола иқтисодиёт фани нуқтаи назаридан мутлақо саводсизларча ёзилган ва ёлғонга асосланган. Лекин барибир уриниб кўрамиз...
Мақола протекционизм ва уни мақташга бағишланган бўлса-да, муаллиф унинг нимасини мақташ кераклигини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайди. Унинг изоҳи ўта сирпанчиқ, уни ҳар қандай вазиятга нисбатан қўллаш мумкин: «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш». Бу «изоҳ»дан фойдаланиб, протекционизм ҳар доим бўлган ва миллий давлатлар мавжуд экан, бундан буён ҳам бўлади деб бемалол айтиш мумкин. Ҳар қандай онгли давлат ўз ишлаб чиқарувчиларини рейдерлик ҳужумларидан, мулкчилик ҳуқуқи бузилишидан, турли «бош айлантиришлар»дан ҳимоя қилиб келган ва ҳимоя қилади. Бу – давлатнинг тўғридан-тўғри мажбурияти. Мазкур атама шундай эркин ва кенг талқин қилинадиган бўлса, у ҳолда «протекционизм»га қарши бўлган ҳар қандай инсон аҳмоқ ҳисобланади.
Протекционизм аслида миллий ишлаб чиқарувчиларни хориж маҳсулотлари ва ишлаб чиқарувчилари билан рақобатдан ҳимоя қилиш. Агар истасак, халқаро савдони тартибга солиш бўйича: жаҳон бозоридан тўлиқ изоляция қилишдан тортиб (Шимолий Корея) бирор маҳсулот учун бож тарифини 1дан 2 фоизга оширишгача деярли ҳар қандай чорани протекционизм деб аташимиз мумкин. Булар аслида мутлақо бошқа-бошқа ҳолатлар. Аммо протекционизмни севувчилар ўзларини бу тафовутларни тушунмаётгандек тутишади: «Дональд Трамп қилаётган иш протекционизмми? Протекционизм. Ислом Каримов қилган иш протекционизмми? Протекционизм. Демак, Трамп Каримовнинг шогирди ва биз 20 йил давомида қилиб келган иш тўғри бўлган».















