Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов агентлик тасарруфидаги «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари истиқомат қилаётган 17-Б уйни кўздан кечирди. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида пост қолдирган.
«Кеча жамоамиз билан биргаликда Агентлик тасарруфидаги «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари истиқомат қилаётган 17-Б уйни кўздан кечирдик. Шу ерда яшаётган одамлар билан мулоқот қилдик, яшаш тарзи билан танишдик.

48 та хонадондан иборат бинода бизнинг босмахонада йиллар давомида фаолият юритаётган матбаачи, муқоваловчи, сантехник, механик каби оддий ходимларимиз оиласи, фарзандлари билан истиқомат қилишади. Мазкур корхонада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб, ўз тажрибасини ёш авлодга ўргатиб келаётган фахрийларимиз ҳам бор. Ҳатто бир ходимимиз шу даргоҳда фаолият бошлаганидан буён фарзанд катта қилиб, яқинда қиз чиқараётган экан. Бутун жамоамиз оилавий аҳил ва борди-келди қилар экан. Уларни ҳозирга қадар битта дард безовта қилиб келар эди — ушбу хонадонлар уларга қарашли эмас эди. Уй ўзингники бўлмаганидан кейин ҳаловат топмай, хавотир ва ҳадик ичида яшашни тасаввур қилиб кўринг.

Айтиш керакки, мазкур уй 1988 йилда фойдаланишга топширилган. Одамлар ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида шу уй ўз мулкига айланишини орзу қилиб, кутиб яшадилар.
Бугунги кунда Президентимиз одамларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг ҳаётини яхшилаш йўлида изчил сиёсат олиб бормоқдалар.
Шундан келиб чиқиб, биз ҳам Агентлигимизнинг барча ходимлари билан келишган ҳолда, Қурбон ҳайити байрами арафасида ушбу 48 та хонадоннинг кадастр ҳужжатларини тайерлаб, ишчи ходимларимиз номига расмийлаштириб бердик.

Куни кеча уларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишиш, рўйхатдан ўтказиш ишлари натижаси, жараённинг қанчалик адолатли ўтгани, коррупция ҳолатларига йўл қўйилган-қўйилмаганини уларнинг ўзидан сўраб-билиш мақсадида улар яшаётган хонадонларга бордик.

















