Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг бош тергов бошқармасига етказилди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизматида маълум қилинган.
“У бизнинг бошқармага етказилди. Бу ерда у сўроқ қилинади”, деб айтган манба.
Аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ президенти узоқ давом этган музокаралардан кейин куч тузилмаларига таслим бўлган. У маслаҳатчилари Фарид Ниязов ва Қундуз Жолдубаева ҳамроҳлигида Бишкекка олиб кетилган
Атамбоевнинг адвокати Сергей Слесаревнинг айтишича, Қўй-Тошдаги тўқнашувлар сабабли собиқ президентга нисбатан бир қатор янги жиноий ишлар қўзғалиши мумкин.
“Ҳамма нарса бўлиши мумкин, кўряпсиз-ку, нималар содир бўлмоқда. Яна кўп нарсалар илишлари мумкин. Биз энди унинг ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қиламиз”, деб айтган Слесарев.
7 август кечки пайт Қирғизистон махсус хизматлари Атамбоевни унинг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида қўлга олиш бўйича амалиётни бошлашган. Махсус хизматлар собиқ президентнинг тарафдорларига махсус воситалар қўллашган, Атамбоев тарафдорлари бунга жавобан ўқ узишган.















