Кўп йиллик дастурлар, амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар ва белгилаб олинаётган режалар манзил аниқ бўлсагина, юқори самара беради, деб ёзмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева парламент сайтида. Қуйида унинг аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги фикрлари келтирилади.
Тасаввур қилинг, қўлингизда Ўзбекистон харитаси ва унга қараб ҳудудларга доир бирламчи маълумотларни айтиш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда қанча аҳоли яшайди, Хоразмда бандлик масаласи қай аҳволда, Сурхондарёда нечта таълим муассасаси бор, Фарғона водийсида аҳоли зичлиги қандай ва шунга ўхшаш бошқа муҳим маълумотлар. Бироқ бундай юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан бугунги жадал ривожланиш ва ислоҳотлар даврида узоқни кўзлаб ниманидир режа қилиш қийин, албатта.
Аксинча, қўлимизда ҳар бир ҳудудга доир аниқ фактлар бўлса, режаларимиз ҳам, амалларимиз ҳам манзилли ва пухта бўлади. Олдингидек, даланинг ўртасига ҳайҳотдек коллеж қуриб қўйиш каби пала-партиш ҳолатлар учрамайди. Айнан шунинг учун бизга бутун республикани қамраб оладиган ишончли маълумотлар керак ва улар тадрижий равишда янгиланиб борилиши шарт.
Бундай аниқ ва яхлит маълумотлар эса аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Шунга қараб ўтмиш ва бугун ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш ҳамда келажакни фаразлаш мумкин. Шунингдек, бу аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, оилавий ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумот олишнинг ягона манбаи ҳамдир.
Мустақиллик даврида бирор марта бу жараён ўтказилмаган
Маълумки, БМТнинг “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни пайтда МДҲ мамлакатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган. Жумладан, жорий йилда Озарбойжон, Беларусь ва Қозоғистонда, 2020 йилда Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Россия ва Украинада аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилади.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта бундай ҳисоб-китоб ишлари олиб борилмаган. Бундай саноқ сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи, 1989 йилда ўтказилган эди. Ҳолбуки, халқаро тажрибадан маълумки, кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири камида ҳар ўн йилда бир маротаба ташкиллаштирилиши анъанага айланган. Республикамизда ҳам энди ана шундай муҳим жараён йўлга қўйилади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.















