Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан, таълим, илмий тадқиқотлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида таниқли олимлар билан суҳбатларни давом эттиради. Астрономия катта-ю кичик ҳаммани қизиқтирадиган соҳа. Юлдузлар, сайёралар, само илми барчани ўзининг сирли оламига оҳанрабо каби тортади. Бутун илмий фаолиятини шу сирли олам жумбоқларини очишга бағишлаган инсонлардан бири физика-математика фанлари доктори, профессор, Жаҳон Фанлар Академияси аъзоси Бобомурод Аҳмедовдир.

Сиз ва илмий гуруҳингиз астрофизикадаги энг ноёб объектларни, яъни қора ўра, нейтрон юлдузлар ва шу каби компакт объектларни ўрганасиз. Бу объектларнинг ўзи қанақа, оддийроқ қилиб тасвирлаб бера оласизми?

— Инсон туғилади, улғаяди, маълум касб-кор қилади ва охири вафот этади. Бу ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлидир. Шунга ўхшаб юлдузларнинг ҳам ўз ҳаёт йўли бор. Улар ҳам пайдо бўлади, яшайди ва сўнади. Биз ана шу сўнган юлдузларнинг охирги эволюция натижасини ўрганамиз. Юлдузларнинг яшаш даври жудаям ҳар хил. Уларнинг умри массасига боғлиқлигини илмий тажрибалар орқали аниқладик. Аммо инсон қанча умр кўриши унинг вазнига боғлиқ эмас. Чунки одамнинг ҳарорати ҳаммада бир хил 36,6 даража. Вазни қанча бўлмасин танадаги кимёвий реакциялар бир хил кечади. Лекин юлдузларда бунақа эмас: оғир юлдузларнинг температураси ўта юқори, енгиллариники эса паст бўлади. Уларда кечаётган термоядро синтези реакциялари тезлигига қараб умри узун ёки қисқа бўлади. Масалан, бизга энг яқин юлдуз бу Қуёш ҳисобланади. Одатда унга ўхшаган енгил юлдузлар жуда кўп яшайди. Қуёшнинг яшаш умри тахминан 10 млрд йилга яқин.

Юлдузнинг вазни нафақат яшаш ҳолатига, балки сўнгандан кейинги охирги ҳолатига ҳам боғлиқ бўлар экан. Қуёшга ўхшаган енгил юлдузлар портлаши орқали, улар электрон газдан иборат бўлган оқ митти объектга айланади. Оғирроқ юлдузлар портлаганда массаси каттароқ қолади ва нейтрон юлдузига айланади. Нейтрон юлдузларнинг таркиби нейтронлардан иборат бўлади. Лекин фараз қилайлик, юлдузнинг вазни ўнта қуёш массасига тенг бўлса, портлаш натижасида унинг асосий қисми тарқалиб кетади ва қолган бир қисми уч қуёш массасидан катта бўлса, у қора туйнукка айланади. Демак, бундан келиб чиқадики, қора ўра ўта массив юлдузларнинг эволюцияси натижасида пайдо бўладиган объект экан. Қора ўранинг бошқа объектлардан фарқли кўпгина жиҳатлари бор. Масалан, нейтрон юлдуз экстремал объект. Етти млрд одамни нейтрон юлдузга жойлаштирсак, унинг ичида оққанд бўлагидек бир куб сантиметр жойни эгаллайди, холос. Шундан ҳам унинг қандай зичликка эгалигини билса бўлади. Қора ўра эса, шундай экзотик объектки, унинг айтарли ҳеч қандай тавсифи йўқ. Шундай бир теорема бор — қора ўранинг сочи йўқ. Бу нима дегани, яъни унинг бор-йўғи иккита параметри бор ва бундан бошқа тавсифи йўқ. Биринчиси, унинг массаси бўлса, иккинчиси, айланиш моментидир. Ҳозирги кунда, бутун жаҳон олимлари мана шу иккита объектнинг табиатини ўрганишга катта эътибор қаратишган.