Ўзбекистон асосий миллий жамоаси Самарқанддаги Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг 10-турида Арманистон устидан 3,5:0,5 ҳисобида ғалаба қозониб, 18 очко билан турнир жадвалида якка пешқадамлигини сақлаб қолди.
Дастлаб Жавоҳир Синдаров иккинчи доскада Роберт Ҳовҳаннисянни мағлуб этиб, ҳисобни очди.
Кўп ўтмай Муҳиддин Мадаминов Габриел Саргиссиянни таслим этди ва ҳисобдаги фарқни оширди.
Шундан кейин Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Ёқуббоев рақибларга қарши узоқ давом этган баҳс олиб боришди. Якунда Абдусатторов Ҳаик Мартиросянни барибир мағлуб этди, Ёқуббоев эса қийин аҳволдалигига қарамай, Шант Саргисян билан баҳсни дуранггача олиб борди.
Якунда Ўзбекистон 3,5-0,5 ҳисобида устунликка эришди. 9 тур давомида бирор марта ютқазмаган Арманистон мезбонлар қаршисида ожиз қолди.
Энди Ўзбекистон-1 жамоаси очколари сонини 18 тага етказди ва турнир жадвалида пешқадамликни давом эттирмоқда. Ҳиндистон изма-из таъқиб қилиб келмоқда, бу турда Ўзбекистон-2 жамоасини мағлуб этган ҳиндлар ҳисобида 17 та очко бор.
Лекин Ўзбекистон-1 жамоасини сўнгги турда дуранг натижа ҳам қониқтиради. Бу ҳолда Ҳиндистон ўз ўйинида ғалаба қозонган тақдирда ҳам қўшимча кўрсаткичлар эвазига иккинчи ўринда қолади.

















