Жамият | 18:59 / 12.08.2019
35621
3 дақиқада ўқилади

Транспорт вазирлиги «Тошкент» автовокзалидаги ҳолат бўйича йўловчиларга мурожаат билан чиқди

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Жорий йилнинг 10 май куни тўлиқ қайта реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилган “Тошкент” автовокзалида замон талабларига мос сервис хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган бўлиб, кунига 2000 мингдан ортиқ йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиб келинмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, йўловчиларни шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда манзилларига хавфсиз етказиб қўйишни ташкил этиш мақсадида тузилган “Uzautotrans Service” миллий корхонаси томонидан ҳозирда 14 та маҳаллий шаҳарлараро йўналишларда ва 5 та халқаро йўналишларда автобус қатновлари амалга ошириб келинмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида нафақат вилоят марказлари балки йўловчи оқими катта бўлган туманларга ҳам мунтазам автобус қатновлари ташкил этилмоқда. Шу бугунги кунга қадар корхона томонидан жами 84 144 нафар йўловчи ташилган бўлиб, кунига 55 та қатнов амалга оширилмоқда.

Мазкур корхона ишини самарали йўлга қўйиш мақсадида автобус ҳайдовчилари махсус танлов асосида саралаб олиниб, доимий равишда малакаси ошириб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса сифатли сервис хизмати кўрсатиш, қатновлар хавфсизлигини таъминлаш ва йўловчиларга муносиб хизмат кўрсатишни ташкил этишдан иборатдир. 

“Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, автовокзал ходимлари ва автобус ҳайдовчилари орасида бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, ҳамон эскича фикрлашдан халос бўла олмаётган ходимлар ҳам учраб турибди. Бу каби ходимларнинг ўз ишига нохолис ёндашуви, чипталарнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланиши, ҳайдовчиларнинг эса белгиланган йўналишлардан четга чиқиши, йўналиш паспортида кўрсатилмаган ҳудудларда тўхташи, сафар вақтида йўл-йўлакай автобус салонига қўшимча йўловчиларни олаётгани каби салбий ҳолатлар учраб турибди. Бу эса, ўз навбатида, йўловчиларнинг ҳақли эътирози ва норозилигига сабаб бўляпти”, - дейилади вазирлик маълумотида.           

Қайд этилишича, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида транспорт вазирлиги инспекторлари томонидан доимий равишда рейд тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, корхона ишчи-ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. 

“Бироқ, афсуски шу каби саъй-ҳаракатларга қарамасдан юқоридаги каби салбий ҳолатлар кундалик ҳаётимизда учраб турибди”, - дейилган маълумотда.

Транспорт вазирлиги ҳурматли йўловчилардан ўз сафарлари давомида автовокзал ходимлари ва автобус ҳайдовчиларининг шу каби хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлган тақдирда вазирликнинг 1167 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат этишларини сўраган.

Шунингдек, Тошкент автовокзалининг (71) 207 87 00 ҳамда “Uzautotrans Service” корхонасининг (71) 207 87 02 рақамларига қўнғироқ қилиб ариза қолдириш мумкин. 

Мавзуга оид