Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ва “Ягона интегратор UZINFOCOM” ҳамкорликда жорий йилнинг сентябрь ойида Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Портал)нинг такомиллаштирилган талқинини тақдим этади

Портал фойдаланувчиларига янада қулайлик яратиш мақсадида Порталнинг янги интерфейси ишлаб чиқилди, шунингдек, функционал имкониятларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида барча таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилишни бошлади.

“Лойиҳа ишга туширилган дастлабки кунларданоқ фуқаролар томонидан ижобий қабул қилинди ва аҳоли ўртасида оммалашиб, муваффақиятга эришилди, аммо вақт ўтиши билан фуқароларнинг давлат идоралари билан мулоқот воситасидан ўзига хос шикоятлар китобига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси pm.gov.uz'нинг ташкил этилиши барча масалаларга ойдинлик киритди ва аҳоли билан ишлаш механизмини яратди. Шундан сўнг, Портал ўз диққатини асосий вазифаларга – жисмоний ва юридик шахсларнинг тўғридан тўғри давлат органларига мурожаат қилишлари, давлат бошқаруви самарадорлигини оширилиши, жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириши учун қулай шарт-шароитларнинг яратилишига қаратди”, - деб таъкидлайди “Ягона интегратор UZINFOCOM” бош директор вазифасини бажарувчиси Эмиль Гимранов.

Порталдаги жорий ўзгариш аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва жорий этиш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган. Бугунги кунда деярли барча давлат ташкилотлари Портал ҳақида етарлича маълумотга эга ва ундан самарали фойдаланиб келмоқдалар. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида Порталдан фойдаланиш бўйича хабардорлик даражаси ҳам ўсиб бормоқда.

Порталнинг янги талқинидаги асосий қулайлик бу - фойдаланувчи учун мослашувчан дизайнга эга бўлган интерфейсдир. Эндиликда Порталдан фойдаланишда компьютер талаб этилмайди, мобил телефон ёки планшет орқали ҳам бир марта рўйхатдан ўтиб, Порталдан ҳеч қандай қийинчиликсиз фойдаланиш мумкин. Портал кенг кўламдаги давлат хизматларидан фойдаланиш, зарур маълумотларни қидириш, бизнес масалаларини тезда ҳал қилиш ва бошқа кўплаб имкониятларни яратишда фойдаланувчиларга тезкорлик ва аниқликни тақдим этади.

Порталнинг янги талқини, аввалги талқинидан фарқли ўлароқ эндиликда фойдаланувчидан барча давлат хизматлари тури билан танишиш учун ягона идентификация тизимидан рўйхатдан ўтиши талаб этилмайди. Янгиланган талқинда портал интерфейси таркибига бир қанча функционал ўзгартиришлар киритилган.