Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий этиладиган хизматлар доирасида жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли кўчмас мулк ҳамда автомототранспорт воситаларини гаровга ёки ипотекага қўйиш, шунингдек, бегоналаштиришга тақиқ ўрнатиш учун ариза бериши мумкин. Ўрнатилган тақиқни бекор қилиш учун ҳам портал орқали мурожаат юборилади.
Фуқаролар ўз номига расмийлаштирилган телефон рақамлари ва банк карталари ҳақидаги маълумотларни кўриш имкониятига эга бўлади.
Телефон рақамлари бўйича қуйидаги хизматлар йўлга қўйилади:
— рақамни муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш ва қайта фаоллаштириш;
— фойдаланилмаётган рақамга хизмат кўрсатишни тўхтатиш учун ариза юбориш;
— рақамга уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш.
Шунингдек, банк картасини блоклаш ёки ёпиш бўйича уни чиқарган банкка — эмитентга портал орқали ариза юбориш мумкин бўлади.
Фуқаро номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилганда, унга Ягона портал орқали автоматик хабарнома юборилади. Порталда бундай ҳаракатлар ҳисоби ҳам юритилади.

















