Ўзбекистон | 08:54 / 14.08.2019
29500
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилди 

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Жаҳон банки томонидан тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш, аҳолининг кенг қатламларини бизнес юритишга жалб қилиш ва бошланғич капиталдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича давлат органи сифатида тавсия этилган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

кичик бизнес ва тадбиркорликни, хусусий тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни ташкил этиш;

ишбилармонлик муҳитининг жорий ҳолатини ўрганиш, шу жумладан, сўровномалар ўтказиш асосида, ҳамда ер участкалари тақдим этиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш тартиб-таомилларини соддалаштириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш инфратузилмаси, бошқа моддий-хом ашё ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

бизнесни кенгайтиришни рағбатлантиришга, қўшимча қиймат яратишнинг яхлит занжирларини шакллантиришга, замонавий технологияларни ўзлаштиришга, экспортни кўпайтиришга, доимий иш ўринларини яратишга йўналтирилган натижага қаратилган воситаларни жорий этиш;

йирик ишлаб чиқарувчилар томонидан кичик ва ўрта корхоналар – оралиқ товарлар ва хизматлар (хом ашё, бутловчи қисмлар ва бошқалар)ни етказиб берувчилар фаолиятини, шу жумладан, тижорат банкларида мақсадли депозитлар очиш ҳисобига молиялаштириш механизмларини жорий этиш;

кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, аҳолининг заиф қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларига кафилликлар ва кафолатлар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш;

кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қонунчилик, янги технологиялар ва маҳсулотлар, бозорлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича номолиявий қўллаб-қувватлаш (бепул телефон ва онлайн-маслаҳат хизматлари, ўқув марказлари, бизнес-инкубаторлар, ахборот хизматлари ва бошқалар) тизимини шакллантириш;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни тайёрлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қилиш.

Белгилаб қўйилишича, Агентлик республика давлат бошқаруви органи бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига бўйсунади.

Мавзуга оид