Ўзбекистон | 07:49 / 14.08.2019
36147
2 дақиқада ўқилади

Президент хусусий мулк дахлсизлиги бўйича Бош прокуратурага топшириқ берди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳокимлар, Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва ҳамда бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарларини Конституциянинг хусусий мулкнинг дахлсизлиги, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш, тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва янада кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш тўғрисидаги нормаларини сўзсиз ижро этиш ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирди. Бу ҳақда давлат раҳбари томонидан имзоланган фармонда айтилади.

Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили:

хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, шу жумладан, мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка, жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкка тажовуз қилиш, мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан, мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талабларни қўйиш, шунингдек, мулкни олиб қўйиш ёхуд мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат (контроль) ўрнатади;

мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўради.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу Фармон қоидаларини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларига, шу жумладан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мулкдорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги, ўзига тегишли бўлган мол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, мулкдорларга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер майдонининг бозор қийматида тўлиқ қопланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритади.

Мавзуга оид