Ўзбекистон | 07:33 / 14.08.2019
85281
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади

Фото: sovch.chuvashia.com

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида Қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қонунга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш;

ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин.

Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:

хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари;

режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари;

табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари;

ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар);

хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;

эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.

Қонунга мувофиқ, кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ариза ер участкаси жойлашган туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

Мазкур ариза Ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Комиссиянинг хулосаси ҳокимнинг ер участкаларини хусусийлаштириш ёки уларни хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади.

Ер участкаларини хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги қарор комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кунда қабул қилинади ва ушбу қарор устидан маъмурий судга шикоят қилиниши мумкин.

Хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тегишли тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш куни ичида қабул қилинади.

Қонун 2020 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид