Сирдарёда ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади. Бу ҳақда президент фармонида айтилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 февралга қадар Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар ҳуқуқий экспериментнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:

қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, хусусийлаштириладиган ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг бирлиги, ер участкаларини хусусийлаштиришнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларининг самарадорлигини аниқлаш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш механизмларини амалда қўллаш самарадорлигини баҳолаш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи давлат органларининг ваколатларини уларнинг амалий самарадорлиги, тартибга солинадиган муносабатлар соҳаларини тўлиқ қамраб олиниши жиҳатидан мониторинг ўтказиш;

ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш ва аҳолини бизнес билан шуғулланишга жалб қилиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ой муддатда Қонуннинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган зарур ҳужжатлар, шу жумладан, Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни қабул қилади;

икки ой муддатда Сирдарё вилояти ҳудудларининг режалаштириш схемаси тасдиқланишини таъминлайди;

оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, аҳоли ўртасида ҳуқуқий эксперимент амалий ижросининг боришини мунтазам равишда ёритиб боради;

ҳуқуқий эксперимент натижаларига кўра, 2020 йил 5 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига Қонун нормаларини янада такомиллаштириш ва уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш бўйича таклифлар киритади.