14 август куни кечки вақт Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида мазкур идоранинг бош директори Комил Алламжонов таклифига биноан журналист ва блогерлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Норасмий, очиқ ва самимий руҳда ўтган суҳбат давомида К.Алламжоновнинг 13 август кунги баёноти муҳокама мавзуси бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ўз баёнотида К.Алламжонов «Бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда белгиланган талабларга риоя қилишлари, балки улар остидаги фуқаролар, фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида жавобгар бўлишларини эслатиб ўтмоқчимиз», — деган эди.

Учрашув аввалида Комил Алламжонов барчага юзланиб, мазкур баёнот жамоатчилик ўртасида нега кучли эътироз келтириб чиқарганини тушунмаётганини, у шунчаки қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилган қоидаларни бир бор таъкидлаб, ўқиб берганини айтиб ўтди.

Фикр билдириш ва изоҳ қолдиришда этика қоидалари, мавжуд қонунчилик меъёрларига риоя қилиш муҳим эканлиги, турли ҳолатларда айрим  таҳқирловчи изоҳлар ўчирилиши бутун дунёда мавжуд амалиёт эканлигини айтган К.Алламжонов мисол тариқасида BBC сайти саҳифасида қолдириладиган изоҳларга қўйиладиган талаблар ва ўчириш ҳуқуқидан қандай ҳолатларда фойдаланилиши ҳақидаги қоидаларга ишора қилди.

Сир эмас, юртимиздаги турли таҳририятлар ва блогерлар томонидан юритиладиган Youtube, Facebook, Instagram ва Telegram каби ижтимоий тармоқларда муҳокама мавзуси бўлиб турган турли инсонларнинг ва айниқса мансабдор шахсларни ҳақоратлаш, таҳдид қилиш, уйдирма ва туҳмат уюштириш, турли тартибсизликларга чорлаш каби изоҳлар қолдириб келинмоқда.

Хусусан, бизнинг таҳририятимиз томонидан жойланаётган материаллар остида қолдирилаётган айрим изоҳлар ҳам кишининг таъбини хира қилади. Аввалига биз фикр эркинлиги, дея бунга эътибор қилмас эдик. Очиғини айтиш керак, миллионлаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ёғдирилаётган изоҳлар оқимини назорат қилиш ҳам катта куч ва вақт талаб қилади, амалда бу деярли имконсиз. Лекин сўнгги ойларда бу кескин ва баъзида жуда қўпол ва хунук кўринишга ҳам келиб қолган. Бу масалага янгича ёндашув ва эътиборни талаб қилмоқда.