Тошкентда такси ҳайдовчиси ва йўловчи ўртасидаги можаро катталашиб, ҳайдовчи шифохонага ётқизилган эди. Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳайдовчига куч ишлатган блогер қамоққа олинди.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот-мултимедиа маркази бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Худойберганов Kun.uz'га маълум қилди.
Унинг айтишича, блогер Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олинган.
Гап 17 август куни Тошкентнинг Яшнобод туманида содир бўлган можаро ҳақида кетмоқда. Унда 27 ёшли такси ҳайдовчиси Ёқуббек Жўрабоев ва йўловчи аёл ўртасида оғзаки тортишув чиққан. Кейин воқеа жойига йўловчининг икки таниши бўлган инстаблогерлар етиб келиб, ҳайдовчи билан жанжаллашган, унга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб таҳқирлашган. Улар аввалига ҳайдовчини аёлга жинсий тегажоғликда айблаб видео қўйишган. Вазият ўзгаргач, блогерлар видеомурожаат орқали жамоатчиликдан ўзларини оқлашда ёрдам сўрай бошлаган. Шундан сўнг уларнинг саҳифаларидан ҳолат билан боғлиқ барча видеолар ўчирилган.
Ҳайдовчи воқеа вақтида унга куч ишлатилганини айтган ва тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Шифокорлар унинг пешона ва энса соҳаларида шишлар, шунингдек, елка, ёнбош, кўкрак ва қорин соҳаларида шилинган жароҳатлар аниқланганини маълум қилган.









