Иқтисодиёт | 17:20 / 15.08.2019
30647
3 дақиқада ўқилади

Молия вазири ўринбосари: электр ва газ аҳолига таннархга нисбатан арзон нархларда сотилмоқда 

Ўзбекистонда сўнгги йилларда электр таъминотидаги узилишлар беш-олти йил илгаригига нисбатан анча камайган. Бу ҳақда Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Баҳром Ашрафхонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда гапириб ўтди.

Ашрафхоновнинг сўзларига кўра, бунинг сабаби электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш инфраструктурасига киритилган инвестициялардир.

«Ижобий ўзгаришлар жудаям кўп. Масалан, ўтган йили Фарғона водийсига янги йилдан олдин кунига олти миллион куб метр қўшимча газ етказиб берилди. Аҳолининг, тадбиркор ва инвесторларнинг асосий талаби энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш бўлмоқда. Энергия ресурсларини ишлаб чиқарувчи, тақсимловчи, етказиб берувчи ва қайта ишловчи корхоналар асосий урғуни мана шу талабни бажаришга қаратган», деди Ашрафхонов.

молия вазири ўринбосари Баҳром Ашрафхонов

Молия вазири ўринбосарининг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда энергия ресурсларига бўлган талаб тобора ошиб бормоқда.

«Аҳоли сони 33,5 миллиондан ошди. Янги уй-жойлар қурилмоқда. Уларнинг барчасига энергия ресурслари - электр ва газ керак. Бундан ташқари, ҳар бир оилага янги техникалар кириб келмоқда. Ҳозирда компьютер, кондиционер, вай-фай, уяли алоқа кириб келган. Буларнинг барчасига электр энергияси сарфланади. Энергия ресурсларини етказиб бериш учун барча қувватларни ишга солмоқдамиз», деди у.

Баҳром Ашрафхоновнинг билдиришича, ҳозирда бир кв соат электр энергиясини ишлаб чиқариш 360 сўмга, бир куб метр газни пировард истеъмолчига етказиб бериш 751 сўмга тушмоқда.

«Соҳага оид бўлмаган активлар бўлган. Улар ҳам таннархнинг ичига киритилган. Ҳозирда соҳага оид бўлмаган активларни сотиб юбориб, таннархни пасайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бир кв соат электр энергиясини ишлаб чиқариш 360 сўмни, бир куб метр газни пировард истеъмолчига етказиб бериш 751 сўмни ташкил этмоқда», деди Ашрафхонов.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозирда энергия ресурслари аҳолига таннархга нисбатан арзон нархда сотилмоқда.

«Аҳолига электр энергияси 250 сўмга, яъни таннархдан 110 сўм арзонга, газ эса 320 сўмга – таннархдан 431 сўм арзонга сотилмоқда. 15 августдан электр энергияси нархи 250 сўмдан 295 сўмга, газ нархи эса 320 сўмдан 380 сўмга оширилмоқда. Шу ерда савол туғилади: таннархдан арзон сотилаётган бўлса, таннарх билан арзон нарх ўртасидаги тафовутни ким қопламоқда? Тафовут давлат бюджети томонидан қопланмоқда. Бу давлат томонидан аҳолини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилмоқда. Аҳолига оғир бўлмаслиги учун қиммат нарса арзон нархда сотилмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, таннарх яна 10 фоизга пасайтирилади», деди у.

Ашрафхонов шунингдек, электр энергияси учун тўловларни ҳисоблашда турли тарифларнинг қўлланиши, ёқилғи-энергетика инфраструктурасидаги муаммолар, кўзда тутилган режалар ҳақида ҳам маълумот берди.

Мавзуга оид