Жаҳон | 15:00 / 16.08.2019
72993
2 дақиқада ўқилади

Чимкентда гўшт экспортини чеклашни сўрашмоқда. Бу Ўзбекистон туфайли

Фото: Otyrar.kz

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида гўшт нархи яна кўтарилди, деб ёзмоқда Otyrar.kz. Қозоғистонликлар дастурхонида энг кўп талаб қилинадиган маҳсулотнинг ҳар килограмми 2,5 минг тенгегача чиқиб кетган.

Қайд этилишича, нархлар жадал ўсиб бормоқда - бир неча ҳафта ичида гўшт 300 тенгега ёки ундан кўпроққа кўтарилиши мумкин. Сотувчилар сотувлар сезиларли даражада тушиб кетганидан шикоят қилишмоқда.

Чимкент ҳокимлиги нархларнинг кескин ошишини фермерлар Ўзбекистонга қорамолни оммавий равишда олиб чиқиб кетишни бошлагани билан изоҳлашди - бу ерда уни янада кўпроқ фойда билан сотиш мумкин.

Расмий статистика қуйидагича: 6 ой ичида Ўзбекистонга бир ярим минг бошга яқин қорамол олиб чиқиб кетилди. Чимкент бозорига гўшт етказиб бериш кескин камайган.

«Гўшт нархининг кўтарилиши билан боғлиқ вазият туфайли бизнинг идорамиз ваколатли органларга расмий хат юборди. Мол гўшти экспортини қисқартириш ёки чеклаш ва ички бозорни таъминлаш ҳақида сўраяпмиз. Ҳозир бизнинг мурожаатимиз кўриб чиқилмоқда», - деди Чимкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорлик ва инновацион ривожланиш бўлими бошлиғи Қайрат Бозорбеков.

Таъкидлаш жоизки, бундай ҳолат биринчи марта кузатилаётгани йўқ. 2018 йил декабрь ойи охирида мол гўшти нархи 1 килограмм учун 1400 тенгедан 1600 тенгега кўтарилди. Сотувчиларнинг ўзи буни бозорларга гўшт етказиб бериш кескин камайганлиги билан изоҳлашган. Уларнинг таъкидлашича, улгуржи сотувчилар маҳсулотларнинг катта қисмини Ўзбекистонга олиб чиқиб кета бошлаган.

Мавзуга оид