Ўзбекистон ва Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни, хусусан, гўшт етиштириш ва уни Ўзбекистонга олиб келиш йўналишини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилди.

Унинг айтишича, Ҳиндистондаги нисбатан арзон гўштни Ўзбекистон бозорига олиб кириш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилган ва янги келишувларга эришилган.

Энг муҳим жиҳатлардан бири — гўштнинг ҳалоллиги ва хавфсизлигини таъминлаш. Бунинг учун ўзбекистонлик мутахассислар Ҳиндистонга бориб, гўштни сўйиш ва тайёрлаш жараёнида иштирок этади. Маҳсулот тегишли халқаро ва ҳалол сертификатлар асосида тайёрланиб, кейин Ўзбекистонга экспорт қилинади.

Вазирнинг таъкидлашича, логистика масаласида ҳам Туркия орқали, хусусан, Мерсин порти ёрдамида уч томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги савдо айланмаси сўнгги йилларда уч баробардан кўпроқ ошгани, Ўзбекистоннинг 30 дан ортиқ турдаги маҳсулотларини Ҳиндистонга экспорт қилиш бўйича ҳам имкониятлар яратилгани қайд этилди.