Битта кўз яхшими, ўнтами?
Бирор нарсани назорат қилмоқчи бўлсангиз, кўзлар кўпроқ бўлгани яхши, дейсиз албатта. Гап бутун бошли жамият ичида кечаётган жараёнлар ҳақида кетаётган бўлса-чи? Унда кўзлар минг эмас ҳатто – миллионта бўлгани яхши.
Дарахтнинг бир нуқтасига касаллик тушиб, чирий бошлаганини ўз вақтида билиб қолган деҳқон – унинг омади бор экан – ўз вақтида муаммони билиб қолди. Омадга суяниб қолишни хоҳламаган деҳқоннинг орзуси – дарахт устидан муттасил назорат ўрнатиш. Ундан ҳам ўтиб тушадиган орзуси – дарахтнинг ички муаммоларини ҳал қилиб турадиган восита бўлса-ю, деҳқоннинг ташвишини аритиб турса.
Аслида бундай восита бор, бу – дарахтнинг ички иммунитети. Айнан у сусайиб қолганда дарахтни касаллик ишғол этади ва деҳқон бошига ташвиш келтиради. Иммунитет қандай ишлайди?
Иммунитет бу бир тизим бўлиб, унинг кўп сонли – миллардлаб вакиллари бор. Мазкур вакиллар танадаги муаммоларни ўз вақтида пайқаб, бутун организмни бохабар қилади. Энг муҳими махсус – тананинг барча тизимларини ҳаракатга келтирувчи марказлар бохабар қилинади. Натижада бутун тананинг ички имкониятлари муаммога қарши ташланади ва айнан шу учун, масалан, ҳар биримизнинг организмимиз касаллик қўзғатувчи омилларга – муаммоларга доимий равишда курашиб туради. Бу тизим ишдан чиқса биз тезда ҳалок бўламиз...
Мазкур – муаммоларга қарши курашиш механизмини агарда биз жамиятга нисбатан қўллайдиган бўлсак, уни ижтимоий иммунитет деб атасак бўлади ва унинг асосий воситаси деб ошкораликни эътироф этишимиз лозим.
Миллионта кўз
Мамлакатни организм деб тасаввур этайлик. Унда тананинг таркибий бўлакчалари бўлмиш ҳужайраларни инсонлар деб олишимизга тўғри келади. Тана иммунитетини ташкил қилувчи миллардлаб махсус ҳужайраларни эса орамиздаги муаммоларга бефарқ бўлмаган миллионлаб кишиларга нисбат берамиз (бефарқ бўлмаган одамлар ичимизда кўплигига мен шахсан ишонаман).
Ошкоралик эса бу ерда иммунитет ишлашини – хавф ҳақидаги сигналлар тўсиқсиз тарқалишини таъминлаб турувчи умумий муҳит. Ошкорасизлик эса аксинча – сигналларни ўчирувчи муҳит.
Биз чорак аср мобайнида иммунитети сал кам ўлган жамият шароитида яшадик. Барча соҳаларнинг ачинарли аҳволга келгани, ҳамма ёқ муаммоларга ботиб қолгани ва нимасини яширамиз, мамлакат инқирозга яқинлашиб қолганининг асосий сабабларидан бири ҳам шунда – муаммоларни очиқлаш муҳити мавжуд бўлмаганида.















