Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга пандемия вақтида қўшилган “Ёлғон ахборот тарқатиш” моддаси ҳозирга келиб сўз эркинлиги торайишига сабаб бўлиб қоляпти, деди блогер Отабек Бакиров энергетика вазирининг аризаси асосидаги суддан кейин. У энергетикада барқарорлик ҳукм суришини хоҳлашини билдирди, токи “бу ҳақда ёзишга ҳам сабаб қолмасин”.
7 май куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида иқтисодчи ва блогер Отабек Бакировга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш кўриб чиқилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Ёлғон ахборот тарқатиш” моддаси бўйича юритилган иш энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг аризаси асосида очилган эди.
Аризада кўрсатилган ҳолатлар бир йилдан кўпроқ вақт олдин содир этилган. Қонунда назарда тутилган муддатлар ўтиб кетгани туфайли, судя Мирусмон Ғиёсов иш материалларини муҳокама қилмасдан, ишни тугатиш ҳақида қарор қабул қилди.
“Суд ишни муҳокама қилмасдан тугатди”
Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаровнинг айтишича, мазкур ишда аввалроқ жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган, кейин эса материалларда маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бор деган хулоса билан иш судга юборилган.
“Лекин муддати ўтганлиги учун суд муҳокама қилмасдан тугатиш ҳақида қарор қабул қилди”, – деди у.
Акбаровнинг эслатишича, суд қароридан норози томонлар юқори суд инстанциясига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Адвокат: “Бу қонунийлик таъминланганини билдиради”
Отабек Бакировнинг адвокати Файзулла Арсланов суд қарорини “кутилган натижа” деб атади.
“Биз кутган натижа бўлди. Бу қарор қонун асосида қабул қилинди. Лекин бу ерда муҳим жиҳат бор: маъмурий жавобгарликка тортиш муддати эмас, айнан маъмурий ишни кўриб чиқиш муддати ўтган. Буни тўғри талқин қилиш керак”, – деди у.
Адвокатга кўра, агар иш мазмунан кўрилганида ҳам ҳимоя томони ўз позициясини ҳимоя қила оларди.
“Иш ҳужжатларида қайси маълумот ёлғон экани аниқ кўрсатилмаган. Қайси факт нотўғри экани ва у нима билан исботланиши кераклиги бўйича асос йўқ эди. Шунинг учун мазмунан кўрилганда ҳам ютиб чиқишимизга ишонардик”,






