Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини авиаташувлар тизимида мавжуд муаммоларни ечиш йўли орқали кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2019 йилнинг 1 октябридан “Қарши”, “Нукус” ва “Термиз” халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги” даражасини қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режими жорий қилинади, “Бухоро” халқаро аэропорти ҳам хориж фуқароларини ташиш учун худди шундай эркинликни қўлга киритади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ташиш тизимини яхшилашга кўмаклашиш бўлими бошлиғи в.б. Зафаржон Воҳидов “Очиқ осмон” режими бўйича изоҳ берди.
“Очиқ осмон” нима дегани? Очиқ осмон бу хорижий авиакомпаниялар учун мамлакат ҳаво йўлларидан фойдаланиш имкони ва шартларини либераллаштириш ва енгиллаштириш демакдир. Ушбу режим мамлакатга келаётган туристлар оқимни ошириш ҳамда унинг минтақавий авиацион хаб сифатидаги салоҳиятини ошириш учун қўлланилади. “Очиқ осмон” режими бозорни халқаро авиакомпанияларга мамлакат аэропортлари ва уларнинг қуруқликдаги хизматлари учун очади. “Очиқ осмон”нинг асосий тамойиллари нафақат транзит парвозлар учун ҳуқуқ тақдим этиш, балки ҳукуматнинг маршрутлар ҳамда авиакомпанияларнинг нарх ҳосил қилиш ва белгилаш жараёнларига аралашмаслик, шунингдек самолётлар ва уларнинг қуввати турларига доир чекловларнинг йўқлигини ҳам англатади”, - дейди у.
Жаҳон тажрибасига кўра, “Очиқ осмон” сиёсатининг қўлланилиши йўловчи ташувларини ўртача 35 фоиз (усиз 8 фоиз)га ошириш имконини берди. Бу шунингдек авиачипталар нархини 20 фоиздан 40 фоизгача пасайтирди. Бундан ташқари, мазкур режим ўн минглаб янги иш ўринларини яратади. Масалан, Австралия ва Янги Зеландия ўртасидаги келишув 40 минг кишини иш билан таъминлади, Сингапурдаги либерал ҳаво режими 163 минг иш ўрнини яратди. Умуман олганда, бугунга келиб фуқаро авиацияси дунё миқёсида 63 миллион кишини иш билан таъминламоқда ва унинг жаҳон ЯИМдаги ҳиссаси 3,5 фоизни ташкил қилади.
Таъкидлаш жоизки, ҳаво кенглигидаги эркинлик фуқаро авиациясининг қатор қоидаларини ўзида жамлайди ва бу қоидалар бир мамлакат авиакомпаниясига бошқа мамлакатнинг ҳаво кенглигига кириш ҳамда унинг ҳудудига қўниш ҳуқуқини беради. Мазкур қоидалар 1944 йилги “Халқаро фуқаролик авиацияси тўғрисидаги конвенция”да қайд этилган авиация либераллашув даражаси бўйича муросалар натижасида шакллантирилган.
Шу ўринда Зафаржон Воҳидов “бешинчи ҳаво эркинлиги” тушунчасига ойдинлик киритди:
“Бешинчи ҳаво эркинлиги” авиакомпанияларга ўз мамлакатига парвоз давомида тўлов асосида йўловчи ва юкларни бир хорижий давлатдан бошқасига ташиш ҳуқуқини беради, яъни бешинчи эркинлик нафақат йўловчиларни A нуқтадан B нуқтага ва А нуқтадан С нуқтага (B нуқтада вақтинча қўниш орқали), балки B нуқтадан С нуқтагача ва С нуқтадан B’гача ҳам (A->B->C) ташишни англатади. Йўловчиларни энг аввало B нуқтадан С нуқтагача ва С нуқтадан B’гача амалга оширилувчи парвозлар нархининг қиммат эмаслиги ҳам ўзига жалб қилади. Йўловчиларнинг бир қисми фақат В нуқтагача парвоз қилиши муносабати билан авиакомпанияда В нуқтадан С нуқтагача парвозда доим бўш ўринлар бўлади ва авиакомпания бу ўринларни максимал тўлдиришга ҳаракат қилиб, бунинг учун махсус нархларни қўллайди. Бу ҳолатда йўловчи кўпинча кичик масофаларга B747/777, А330/А340 турдаги узоқ магистралли самолётда авиапарвозни амалга ошириши мумкин бўлади”.















