7 август куни Тошкент халқаро аэропортининг ташаббуси билан Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида парвозларнинг қидирув-қутқарув фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича идоралараро кенг кўламли ўқув машғулоти ўтказилди. Бу ҳақда аэропорт матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўқув машғулоти режасига мувофиқ, Истанбул–Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилаётган йўловчи самолёти қўнишга яқинлашганда ҳаво диспетчери ва экипаж ўртасидаги алоқа узилиб қолади. Ҳаво кемаси Тошкент шаҳрига етмай авиафалокатга учрайди.

Ушбу самолётни қидириб топиш ва қутқарув ишларини олиб бориш мақсадида, диспетчерлар фавқулодда вазият ҳақидаги маълумотларни зудлик билан аэропортнинг ердаги қидирув қутқарув ишларини таъминлаш гуруҳига узатади ҳамда бошқа ҳамкорликдаги хизматларга хабар беради. Шундан сўнг қидирув қутқарув ишлари бошланади.

Симуляцион фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш учун 250 га яқин мутахассис ва идоралараро тузилмаларнинг 25 та махсус техникаси жалб қилинди. Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Тошкент халқаро аэропорти билан ҳамкорликда ташкил этилган машғулотлар доирасида қутқарувчилар ўз гуруҳларининг тайёргарлиги, ёнғинни ўчириш жараёнида мувофиқлаштириш, одамларни эвакуация қилиш, жабрланганларни жароҳатининг оғир-енгиллигига қараб тақсимлаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва жароҳатланганларни тиббиёт муассасаларига етказиш, шунингдек, самолёт бортидаги хавфли юкни эвакуация қилиш бўйича ишлар амалга оширилади.

Қайд этилишича, “Тошкент халқаро аэропорти” МЧЖ аэропорт ҳудудидаги машғулотлардан ташқари, йилига бир неча бор аэропортлар ташқарисида ҳам бундай комплекс ўқув тадбирларини ўтказади.

Бундан кўзланган асосий мақсад – авиафалокат содир бўлган тақдирда қатор вазирлик ва идоралар, Тошкент аэропортининг бўлинмалари ўртасида ўзаро ҳамкорликда ҳаракатланишни таъминлаш, авиафалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш ҳамда ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини оширишдан иборат.

Ўтказилган ўқув машғулоти бўйича бўлим ва идоралар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Тошкент аэропорти ҳамда тегишли идораларнинг куч ва воситалари тайёргарлиги юқори баҳоланиб, фавқулодда ҳолат содир бўлган тақдирда тезкор чоралар кўришга тўлиқ тайёр экани эътироф этилди.