Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги «Мустақиллик» маҳалласининг бир гуруҳ аҳолисидан мурожаат йўлланди. Мурожаатда фуқаролар ўзларининг яшаш шароити оғирлиги, истиқомат қилаётган хонадонлари абгор ҳолатдалигини баён этишган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Қарши шаҳрида бўлдик ва фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Уйларимиз «снос»га тушгани ҳақида икки-уч йил аввал огоҳлантириш хати олгандик. Маҳалламизда фақат ўн-ўн бешта хонадон бузилмади. Атрофда янги кўп қаватли уйлар қурилган. Ўртада бизнинг хонадонлар қолиб кетди. Жуда эски ва хароб уйлар. Бузиб, ўрнига янги уйлар қурамиз, десак, қўлимизда «снос»га тушгани ҳақида огоҳлантириш хати бор. Бир неча йилдан буён на бузишади, на бир тайинли гап айтишади. Эски уйлар нураб боряпти, том қисми буткул яроқсиз аҳволга келган. Фарзандларимиз улғайиб қолишган. Тўй-маъракаларни бу уйларда ўтказишнинг ҳам имкони йўқ. Шароит оғир, нима қилишга ҳайронмиз. Шу масалада ёрдам беришингизни сўраймиз», – дейди Ислом Қобилов.

Шундан сўнг яна бир неча фуқаро ўз эътирозларини билдиришди. Уйлар эскилиги, деворлари нураб бораётгани, хонадонлар ичида яшаш учун шароит абгорлиги ва яна бир неча ҳолатларни санаб ўтишди.

Ушбу эътирозлар асосида хонадонларни кўздан кечирдик. Халқ тилида «барак уйлар» номини олган хонадонларда ҳақиқатан ҳам аҳвол бирмунча ачинарли. Эски уйлар, деворлари нураган ва ички томондан ёрилиб кетган. Уйларнинг том қисми ҳам талабга жавоб бермайди. Канализация тизими йўқ. Хонадонлар эшикларининг шундоққина ёнида ҳожатхоналар қурилган. Бадбуй ҳид хонадонлар бўйлаб тарқалган. Хоналари ичма-ич жойлашган, ошхона, ётоқхоналар аралашиб кетган. Газ ва газ баллонлари ҳам шароитга қараб мослаштирилган ва хавфли кўриниш олган.

Маълум бўлишича, 2017 йилда бу хонадонларда яшаётганларга уйлари бузилиши ҳақида огоҳлантириш хати берилган. Ушбу хатда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан нотурар ва турар жойлар бузилиши билдирилган.