Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласида балиқ боқилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат инспекция томонидан Фарғона шаҳрининг Мурувват маҳалласидаги кўп қаватли уйларда ўтказилган мониторинг давомида аниқланган. Мулкдор ертўладаги турли хоналарни тўсиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олган. Сўнгра катта ҳажмдаги сунъий ҳовуз ўрнатиб, унда балиқ боқиш учун ичимлик суви қувури тортган. 

Screenshot_1

Ҳолат юзасидан мулкдорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима қўлланган. Унга ертўлани 15 кун ичида бўшатиб, аввалги ҳолатига келтириш бўйича ёзма кўрсатма берилган.

Бундан ташқари, ичимлик сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолати ҳам қайд этилган. Бу бўйича фуқарога маъмурий жарима расмийлаштирилган.

Аввалроқ Зарафшон шаҳрида кўп қаватли уйдаги хонадонда бассейн қуриб олингани аниқланганди.